Жаҳон | 08:02 / 17.03.2018
11877
2 дақиқада ўқилади

Руминиялик эркак судда ўзининг тириклигини исботлай олмади

Фото: РИА Новости / Сергей Субботин

2016 йилда ўлган деб тан олинган, Руминиянинг Васлуй уездида яшовчи 63 ёшли Константин Релиу судда тириклигини исботлай олмади ва хатолик туфайли берилган ўлим ҳақидаги гувоҳномани бекор қилолмади. Бу ҳақда Руминия ОАВ хабар бермоқда.    

Agerpres ахборот агентлигининг таъкидлашича, эркак жараённи судга жуда кеч мурожаат қилгани сабабли ютқазган. Энди у юридик томондан мавжуд эмас ҳисобланади.

“Мен тирик бўлсам ҳам, ҳужжатларга кўра ўликман. Менинг бирорта даромад манбаим йўқ, бирор жойга ишга кира олмайман, бу давлатда бирор иш қила олмайман”, деб айтган Релиу суд жараёнидан кейин. 

Фото: НТВ

Гап шундаки, Релиу Руминиядан Туркияга 1992 йилда пул топгани кетган. У оиласи билан аразлашиб қолгани сабабли қариндошлари билан барча алоқалар узилиб қолган. 2013 йилда унинг рафиқаси эридан шунча йиллар ичида бирор хабар бўлмагач, судга уни ўлик деб тан олиш илтимоси билан мурожаат қилган. Аёлнинг даъвоси 2016 йилда қондирилган. 

2018 йилда Туркия ҳукумати Релиунинг ҳужжатлари муддатидан ўтиб кетганини аниқлаб, уни Руминияга жўнатиб юборган. У ватанига кираётганда ўлик эканлиги аниқланган. Руминия ОАВнинг таъкидлашича, эркак адолат қарор топиши учун судга такроран мурожаат қилишига тўғри келади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид