Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Руминияга жавоб чораси сифатида консулликни ёпмоқда
Россия Руминиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консуллигини ёпиш ҳамда ушбу дипломатик ваколатхона раҳбари вазифасини бажарувчи Лауренциу Константиниуни persona non grata деб эълон қилди. Москва бу қарорни Руминия томонидан Россиянинг Констанца шаҳридаги Бош консуллиги ёпилганига жавоб чораси сифатида изоҳлади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги 25 июн куни Руминиянинг Москвадаги элчиси Кристиан Истратега нота топшириб, Санкт-Петербургдаги Руминия Бош консуллиги фаолияти тугатилиши ҳамда консуллик раҳбари вазифасини бажарувчи Лауренциу Константиниу мамлакатдан чиқарилишини маълум қилди.
Россия ТИВ баёнотига кўра, ушбу чоралар «Бухарестнинг Россиянинг Констанца шаҳридаги Бош консуллиги фаолиятига берилган розиликни асоссиз равишда бекор қилиши ва унинг раҳбарини persona non grata деб эълон қилишига жавоб» ҳисобланади.
Май ойи охирида Руминия президенти Никушор Дан Россиянинг Констанца шаҳридаги Бош консуллигини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Шу билан бирга, Россия бош консули ҳам persona non grata деб эълон қилинган.
Бундай қарорга Руминия шарқидаги Галац шаҳрида кўп қаватли турар жой биносига Россияга тегишли экани айтилган дроннинг қулаши сабаб бўлган.
Дрон ҳужуми оқибатида икки киши жароҳатланган
29 майга ўтар кечаси Галац шаҳридаги кўп қаватли уй томига дрон тушиб, портлаш содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 14 ёшли ўсмир ва 53 ёшли аёл жароҳат олган, бинодаги квартиралардан бирида ёнғин чиққан.
Руминия Мудофаа вазирлиги дрон Россияга тегишли бўлганини маълум қилди. Мамлакатнинг Фавқулодда вазиятлар хизматига кўра, дроннинг портловчи қисми тўлиқ ишга тушган. Икки нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган, 70 нафар аҳоли эвакуация қилинган ва ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилган.
Бухарест ушбу воқеани халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши сифатида баҳолаб, НАТОдан мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтиришни сўраган.
Reuters агентлигининг қайд этишича, бу Россиянинг Украинага қарши урушида қўлланилаётган дронлар натижасида НАТОга аъзо давлатнинг зич аҳоли яшайдиган ҳудудида одамлар жабрланган илк ҳолат ҳисобланади.
Руминия Ташқи ишлар вазирлиги эса Россиянинг Санкт-Петербургдаги румин бош консулини persona non grata деб эълон қилиш қарорини кутилган жавоб чораси деб баҳолади. Вазирликка кўра, бу Бухарестнинг Констанцадаги Россия бош консулига нисбатан қабул қилган қарорига жавоб ҳисобланади.
Мавзуга оид
10:00
«Аскарлар қийноққа солинмоқда, исён бўлиши мумкин» — собиқ ҳарбий Путинга мурожаат қилди
08:50
ЕИ Россия ҳарбийлари учун киришни тақиқламоқчи
23:05 / 25.06.2026
Зеленский Россияга нисбатан «40 кунлик таъсир операцияси»ни тасдиқлаганини айтди
08:52 / 25.06.2026