Саша Гейнрих. Ким ўзи у? Аслида у ҳеч қачон бизни ўзига ишонтирмаган. Бунга ҳаракат ҳам қилмаган балки. Мисол учун, Шквирин каби ҳаммамизни олдинга бошламасди, Максга ўхшаб, ҳар қандай пайтда ҳам чақирилиши шарт бўлган руйхатга кирмаган. У ҳақида доим мунозара қилинган, кимдир уни футболимиздаги энг зўр футболчи деса, бошқаси умуман терма жамоага лойиқ эмаслигини айтади. Бутун аҳли мухлис буралаб сўкаётган паллалар, яна қанақадир ўйинлар, голлар ва энди, бутун мамлакат бир бўлиб терма жамоа бош мураббийига босим ўтказишни бошлайди – Гейнрихни оласан! Гейнрих майдонда, ниҳоят. Худдики, орзуимизнинг ярмига етишдик, қолган ярмини мана шу ностандарт футболчи амалга оширадигандек. Чиройли зарбани бажаради. Кимнидир алдаб, голли пас беради. Ҳеч бўлмаса, аслида бўлмаган пенальтини ишлаб беради. Ҳеч бўлмаса, доим бизни йиғлатадиган арабларнинг устидан кулиб берар? Қаёқда... Ёнидаги тўпга югурмайди, қулай вазиятларни кўкка совуради, майдонни тарк этади. Наҳотки, мана шу футболчини деб шунча куюнгандик? Қизиғ-а?

У ҳақидаги фикрлар доим турлича. Баъзан ажойиб қилиқлари билан жамоадошларига завқ бағишлайди, баъзида кимдир тўп оширмагани учун аразлаб, узоқ вақт ўйинга қўшилмай юраверади. Баъзан қулай вазиятда турган шеригини «кўрмасдан», иложсиз ҳолда рақибни алдашга киришиб кетади, баъзида эса очиқ дарвоза қаршисида жамоадошини қидиради. Майдондаги позициясидан тортиб, аслида қандай ўйинчи эканигача баҳсталаб! Сашани бу қониқтиради, у ҳеч қачон бизни ўзига ишонтирмайди. Шу билан биргаликда, усиз ҳам иложи йўқлигини беихтиёр уқдиргандек, майдонда ўз билганини қилаверади. Сашанинг «ўз билгани» эса, кўпинча бизни ҳам ҳайратга солади, завқ беради, чунки тан олинг, у – гений.    

У бизга яна бир муҳим нарсани берарди. У ҳатто майдонга тушмай, захирада ўтирган пайтларда ҳам фойдали эди: биз иккинчи бўлимда унинг тушишини ва ўйинни ўзгартиришини кутиб ўтирардик. Умид бўларди. Умидсиз футбол мухлисини тасаввур қиласизми? Мен, йўқ.

Салкам ўн беш йил «Пахтакор» ва терма жамоамиз мухлисларига қувончи онлар тақдим этиб келган ҳужумчи Александр Гейнрих ўз фаолиятини якунлашини эълон қилди. Бу воқеа бир кун юз беришини билсак-да, қалбимизда қандайдир бўшлиқ пайдо бўлгани шубҳасиз.

У ҳақида кўп ёзиш мумкин. Майли, голлари гапирсин. Эътиборингизга унинг терма жамоамиз сафида киритган энг муҳим голлари ўнлигини ҳавола қиламиз.

10-ЎРИН

28.01.2011. Доҳа. Осиё кубоги. 3-ўрин учун баҳс. Жанубий Корея – Ўзбекистон 3:2

Гейнрих жуда кўп маротаба, русча таъбирга қиёсан айтганда, «престиж учун голлар»нинг муаллифи бўлган. ЖЧ -2006 саралашида Корея ва Кувайт, шунингдек Украина, Арманистон терма жамоалари қарши ўртоқлик ўйинларидаги голлар ёрқин мисол. Қатардаги «кичик финал»га киритилган икки гол терма жамоамизга очко олиб келмаган бўлса-да, ушбу голлар биз учун қадрли. Айнан юқорида айтилган таъбир – «престиж голи» учун жуда мос келади.