Суҳбат бошида 37 ёшли собиқ футболчи ҳозирда нима билан машғул экани ҳақида айтиб ўтди.
«Айни дамда вақтни оилам даврасида ўтказяпман, асосан оилавий юмушлар билан бандман. Фаолиятим давомида оиламдан узоқда бўлдим, вақтим сафарларда ўтарди. Шу боис, энди озроқ танаффус қилиб, кўпроқ вақтимни Москвада оилам даврасида ўтказишга қарор қилдим», - дейди Александр.
«Яхши футболчидан ҳар доим ҳам яхши мураббий чиқмайди»
Миллий жамоамиз собиқ ҳужумчиси футболдаги режалари ҳақида гапириб, Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиш нияти борлигини яширмади.
«Кейинги режаларим? Бу ҳақда тез орада билиб оласиз. Ҳозирча бу ҳақда гапиришни истамайман.
Ўзбекистонга мураббий сифатида қайтиш ниятим борми? Бор. Аммо яхши футболчидан ҳар доим ҳам яхши мураббий чиқмайди. Менда мураббийлик тажрибаси йўқ. Бизнинг авлоддан аксарият собиқ жамоадошларимда мураббийлик фаолияти ўхшаяпти, кимлардадир эса унчалик эмас. Яъни мураббий бўлиш ҳаммага ҳам эмас. Бунинг учун яхши тайёргарлик кўришни истайман. Шунчаки мураббий сифатида келиб, номига ишлаб, ўхшата олмай якунлашни истамайман. Ниманидир бошламоқчи бўлсам, буни яхши бажариш учун киришадиган инсонман. Мураббийликни бошлаш бўйича таклифлар бўлди, аммо ўзим рад этганман», - дейди Саша.

«Миллий жамоада нимадир ўзгариш бўлганини ҳозирча кўрганим йўқ»
Гейнрих миллий жамоамизнинг янги мураббий қўл остида қай даража ўзгаргани ва Элдор Шомуродов ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Ҳозирга қадар Ўзбекистон миллий жамоаси ва Суперлига баҳсларини кузатиб боряпман. Миллий жамоамизда ҳали расмий ўйинлар бўлгани йўқ, янги мураббий ўртоқлик баҳсларида ўз қарашларини футболчиларга сингдиришга интилмоқда. Шу сабабли миллий жамоада нимадир ўзгариш бўлганини ҳозирча кўрганим йўқ.
Мен тўп сурган ҳужум чизиғида ўзгариш борми? Ҳа, «Рома»даги болакай яхши ўйнамоқда. Жуда ҳам зўр. Менимча, ҳужумда унга кимдир рақобат қилиши қийин», - деди собиқ форвард.
Германия клубидан тушган таклиф ҳақида
Александр суҳбат давомида ўз вақтида унга Европадан таклиф бўлганини ҳам айтиб ўтган.


















