Спорт | 22:32 / 31.05.2022
31635
15 дақиқада ўқилади

«Пулдан муҳимроқ нарсалар бор». Гейнрих билан узоқ кутилган интервью

Ўзбекистонда ўйнаб, мухлислар олқишига сазовор бўлган ва ҳалигача яхши хотиралар билан эслаб юриладиган футболчилар сони кўп эмас. Аммо бир ҳужумчи борки, ўзига хос техникаси ва зарур вақтда урган голлари билан мухлислар ёқимтойига айланган. Бу – ўша Александр Гейнрих.

ОАВга деярли интервью бермайдиган ўзбек футболи афсонаси билан унинг футболчилик фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.

«Футболга қайтишдан олдин дам олдим»

– Ҳозир уйдаман,Москвада. Оилавий ишлар билан шуғулланяпман, узоқ йиллар бунга вақтим бўлмаганди. Тўғриси, бироз дам олишни хоҳладим. Футболчилик фаолиятим тинимсиз сафарлар билан ўтди. Шунинг учун бироз оилам билан бирга бўлишни истадим. Бу вақтда келажагим борасида қарор қабул қилиб олишим ҳам керак. Футболдаги фаолиятимнинг иккинчи қисмини йўлга қўйиб олиш лозим.

  Футбол масаласида танаффусдаман. Буёғига нима қилишни исташим ва қайси йўналишда кетишимни аниқлаб олишим керак. Таклифлар бор, аммо кўп ҳолларда уларга ўзимни тайёр эмасдек ҳис қиламан, қандай ишлаш кераклигини тўлиқ билмайман. Мен тўлиқ ўқув-амалиёт босқичларини ўтказгач, иш бошлашни хоҳлайман. Шунчаки фаолият олиб боришни истамайман.

«Эҳтимол, Тошкентда ишларман…»

Футболчилик вақтимда мураббийлик, функционерлик билан шуғулланиш ҳақида ўйламаганман. Лекин шуни билардимки, футболсиз яшай олмайман. У бутун ҳаётим давомида мен билан. Лекин айнан қандайдир ролда ишлаш ҳақида ўйламаганман.

  Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мана ҳозир Ўзбекистонга келдим, дўстларимни анчадан бери кўрмагандим. Шундан келиб чиқиб айтаманки, Тошкентда ишлашни жуда хоҳлаган бўлардим, ўзим туғилган Ватанимда.

  Сўнгги бор қачон ўйнадим? Кеча ўйнадим-ку! (Ўзбекистон ва А Серия афсоналари ўйини) Тўғрисини айтаман, бир йил давомида умуман югурмадим. Ҳеч нарса билан шуғулланмадим. Шунинг учун ҳам, кеча мураббий менга асосий таркибда тушишимни айтганида, ундан доимгидек иккинчи таймда майдонга туширишини сўрадим.

  Таклифлар бор. Аммо яна қайтараман: мен шунчаки иш бошлашни истамайман. Келганимдан сўнг, қандайдир натижа кўрсатишни истайман. Доим Ўзбекистонга келишдан хурсанд бўлганман. Доим миллий жамоага биринчи бўлиб етиб келганман, исталган одамдан сўрашингиз мумкин. Федерация вақтида футболчиларнинг чипталари билан шуғулланадиганлар биринчи бўлиб мендан бошлашарди.

«Бунёдкор»га ўтмаганим? Пулдан муҳимроқ нарсалар бор»

 – Футболчининг фаолияти жуда қисқа. Ҳамма қўлидан келганча кўпроқ пул топиб, келажагини таъминлаб олишга ҳаракат қилади. Мен ҳеч кимни муҳокама қилмайман, ҳамманинг ўз йўли, ўз ҳақиқатлари бор. Кимдир пул учун кетгандир, кимдир Ривалдо билан ўйнагани боргандир, яна кимдир Сколаридан ниманидир ўрганмоқчи бўлгандир. Мен шу йўлни танладим. Эслаб кўринг, бизнинг дербилар қандай шиддатли кечарди. Шундай экан, мен бу ҳиссиётни ҳеч қандай пулга алишмайман. 2007 йилдаги ўйинни эслайсизми, қанчалик кескин учрашув бўлганди. Бир-биримиз билан уришиб кетгандик.

Одилбойнинг йигитлари таҳдид қилишгани ҳақидаги гаплар?

– 2008 йил «Бунёдкор»га қарши дербидан сўнг таҳдидлар бўлган? Бу гап-сўзлар қаердан чиққанини билмайман. Баъзи воқеалар бор, улар ҳақида гапиришни ўзим истамайман. Бу эркакчиликка тўғри келмайди, деб ўйлайман. Ҳеч кимни хафа қилиб қўйишни хоҳламайман.

  Ҳа, бизда оз-моз муаммолар, келишмовчиликлар бўлган. Лекин иш қўл кўтариш, қурол ўқталиш кабиларгача етиб бормаган. Қўнғироқ бўлган: Копа (Темур Кападзе) мен билан гаплашиб олишмоқчилигини айтган.

Улар пенальтини ноҳақ ишлаб олганим, симуляция ишлатганимни айтиб, мени айблашди. Лекин ҳозир ўша вазиятни интернетдан кўрсангиз, ростдан ҳам пенальти борлигини кўрасиз. Чунки Бугало менга оёғи билан урилган, кейинроқ унинг ўзини захирага олиш керак бўлган, чунки ўша вазиятда жароҳат олганди. Бор гап шу, лекин ким менга тушунтириб беради, бунинг нимасидан хафа бўлиш керак, ахир бу футбол-ку! Уларга нимани ҳам тушунтириб бўларди. Асаблар таранг ҳолатда туришарди. Бу воқеа биринчи давранинг охирида содир бўлганди. Эртасига мен Москвага, уйимга учиб кетдим.

  Танаффусдан қайтганимиздан сўнг, йиғилиш ўтказдик, унда ҳеч нарсадан қўрқмаслигимиз, ҳаммаси жойидалиги айтилди.

«Пахтакор» ва Бабаяндан жуда миннатдорман»

– Самвел Бабаян? Биласизми, мен бу инсондан жуда миннатдорман. Чунки у мени «Пахтакор»га олган пайтда бу ерга келишни хоҳламасдим, ишонмаганман. Элдор Магдеев билан дўстлашиб олгандик. Миллий жамоада ҳам у билан бир-биримизни тушуниб ўйнардик. У ўша вақтда «Бухоро»да ўйнарди. Унга мени қандайдир олимпия жамоасига таклиф қилишаётганини айтдим. Лекин боришни истамасдим. Қанақасига миллий жамоа бир клуб ичида шакллантирилиши мумкин? Умуман, бу нарсани тушунмаганман. Биз у жамоада ўйнолмай қолиб кетишдан қўрқардик, у ерда юлдузлар бор эди.

  Кейин эса биз Самвел ака билан учрашдик, қандай қилиб билмайман, аммо у бизни ишонтира олди. Қайсидир томондан у ҳақ бўлиб чиқди. Чунки футболчилик фаолиятим айнан «Пахтакор»да бошланди. Ўйин амалиётисиз қолиб кетишдан қўрққандик, аммо аксинча бўлди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон футболи ўртасидаги фарқ

– Биринчи навбатда, Қозоғистон чемпионатида легионерлар кўп, улар УЕФАда ўйнашади ва шунинг учун ҳам миллий чемпионат даражаси юқори. Жамоаларда бизникидек битта эмас, ўнлаб хорижлик футболчилар бор. Айнан уларнинг ҳисобига чемпионат даражаси юқори. Ижрочилар маҳорати катта фарқ қилади.

   Уларда ҳам ўзларига яраша муаммолар бор. Майдонлар сифати яхши эмас, иқлим анча мураккаб. Бизда иссиқ, лекин майдонларимиз супер ҳолатда. Қозоғистонда эса бундай эмас. Мисол учун, Остонада (Нурсултон) -40 градус совуқ бўлса, Чимкентда 40 градус иссиқда футбол ўйнашингиз керак эди. Шунинг учун, уларда инфраструктура анча оқсайди. Бу ерда ниманидир режа қилиш мумкин, аммо уёқда барчаси вазиятдан келиб чиқиб ўзгаради. Чемпионатларни солиштирсак, катта фарқни кўрамиз.

  Эсингиздами, Улуғбек Бақоев Қозоғистонда неча маротаба тўпурар бўлган, жуда кучли футболчи сифатида қараларди. Аммо миллий жамоада тики-така ўйнашади ва у бундай услубга мос тушмасди. Айтганча, уни кеча кўрдим, ғалаба билан табриклади. У ҳам менинг йиқилганимни гапирди.

«Актобе»дан кетгани ҳақида

– Аввалига, селекция бўйича мутахассис сифатида ишладим. Жамоа бошлиғи билан келиша олмадик. Унинг қандайдир қинғир ишлари бор эди. Клуб президенти эса менинг яқин дўстим эди, у билан бирга ўйнаганмиз. Фаолиятини якунлагач, мендан ёрдам сўради. Ёнида ишлашимни хоҳлашини айтди. Нега шу йўлда давом этмадим? Чунки дўстимни у ердан олиб ташлашди. Инсон сифатида қола олмасдим, чунки айнан у билан бирга келгандим, бирга кетдим.

Легионерлик машаққати

— Россияга эрта бориб қолгандим. Руҳий жиҳатдан тайёрмасдим. «Торпедо»да ўйнадим, аммо ўз позициямда эмас, ўнг қанот яримҳимоячиси сифатида. Бу менинг жойим эмас. Мураббий шундай қўйганди, бундай ўйнай олмайман дея олмайсан. Аслида, улар мени 10-рақам позициясига олиб келишганди. Лекин бу жойда Семшов ўйнарди. Нега мени трансфер қилишганини билмайман, Семшовни рақобатда ютиб чиқади деб ўйлашганми?!

  ЦСКАда эса, айтиб ўтганимдек, ёш бўлганман, тажриба етишмаган. Бир нечта голлар урдим, ёшлар ўртасидаги ЖЧ фонида менга Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси унвонини беришди, аммо мен бунга қўшилмайман. Шу ерда ўйнаб, ниманидир кўрсатишим керак эди.

  Энг қийини Жанубий Кореяда бўлганди. Айниқса, овқат билан жуда ҳам қийналиб кетгандим. Ҳафтасига 5 килограмм вазн йўқотгандим. Жамоадошларимга мени «McDonalds»га олиб боришларини сўрадим, ортиқ кимчи ея олмасдим, у ҳаддан ташқари аччиқ эди. «МcDonalds»га келдик, ўзимга катта идишда овқат олдим, бир маротаба тишлаб кўрдим, шу қадар аччиқки! Ўша вақтда фарзандли бўлгандик, хотинимни олиб кела олмагандим. 3-4 ой ўтгач, уни олиб келдим, шундан сўнг, овқатланишим ўз изига тушиб қолганди.

«Жасур Жалолиддинов? 18 ёш – легионер бўлишга жуда эрта»

— Жуда эрта легионер бўлди. Мисол учун, Одил (Аҳмедов) неча ёшида Россияга борган? 24-25. Элдор-чи? 22 ёш. Мен эса 18 ёшда боргандим. Бу жуда эрта. Ўзбекистонда ҳам тўлиқ ўйин амалиёти йўқ эди. Россияга борганимдан сўнг, бошқача тезликни кўрдим, футболчилар бир-бирларининг оёқларига бошқача куч билан зарба беришади. У ерда бошқача маош эвазига футбол ўйналади.

  Мураббий Валерий Газзаев эди – жуда кучли мутахассис. Ҳиссиётларга берилувчан. Кубок финалида «Локомотив» билан ўйнагандик, пенальтилар сериясида ютқазганмиз. Мен ва Ролан Гусев бирга эдик. Об-ҳаво даҳшатли эди, агар мана шу ерда, мана бу тўсиқлар, дарахтлар орасида ўйнаганимизда ҳам ундан яхшироқ шароитда ҳаракат қилган бўлардик. Ролан менга пас берди, аммо майдон шу қадар ёмон ҳолатдаки, тўп ерда думалаб келаётиб сакраб, менинг устимдан ўтиб кетган. Мен ишонч билан оёқ қўйиб, зарбага тайёрланаётгандим. Тасаввур қиляпсизми, қанчалик нотекис майдон! Кейин Газзаев мени захирага олди. Шундан сўнг, у мени сўка бошлади: ҳой болакай, сен қаерга келганингни биласанми, қанча пул тўланяпти сенга… Вазиятни тушунтиришнинг имкони йўқ. Унинг юзи юзимга тегай деб турибди, фақат тишлар орасидаги тилни кўриш мумкин.

  Энг оғир давр? Ҳеч қачон футболни тугатиш ҳақида ўйламаганман. Аммо шундай вазиятлар бўлганки, бир жамоадан бошқасига ўтиш жараёнида клубсиз ҳам қолиб кетганман. Бир ойча уйда ўтирганман, ўша вақтда руҳий жиҳатдан анча қийин бўлган.

  Энг яхши шерик? Одил Аҳмедов билан ўйнаш жуда қулай эди. Элдор Магдеев, Зайниддин ва Фарҳод Тожиевлар. «Пахтакор»даги дўстларимни айтяпман, улар билан неча йиллар бирга ўйнадик.

Миллий жамоага халал бераётган жиҳатлар

— Менимча, бизда менталитет билан боғлиқ кичик муаммо бор. Катталарга ҳурмат деган нарса бор: катталар шундай дедими, шундай бўлиши керак. Қайсидир фамилиядаги футболчига нисбатан қўпол ўйнамаслик керак, эҳтиёткор бўлиш керак. Кеча италияликлар бизга қарши кўрсатган футболдан ҳайратда қолдим. Қаранг, улар бизникиларни қандай тепишди. Аслида, бу ўртоқлик ўйини эди, шуни ўйлаб мен шокка тушиб қолдим. Ҳаммаси 50дан ошган қариялар бизнинг жамоага қарши қандай кескин ўйнади. Азиз Ҳайдаровни ҳам, Одилни ҳам йиқитишди. Мана шундай футбол ўйнаш керак. Бизникилар ҳеч кимни туртиб ҳам қўймади. Захира ўриндиғидан туриб ҳам барчасини ҳис қилиш мумкин. Биз уларга ҳурмат билан муносабатда бўлдик, аммо улар бу ерга ютқазиш учун келмаганини кўрсатиб қўйишди. Мана шу нарса ҳам ҳар бир ўйинга профессионал ёндашиш кераклигини кўрсатиб бермоқда, айниқса миллий жамоа даражасида. Олдин бизда ҳам катталар бўлган, қандайдир қонунлар борлигини айтишган. Ҳозир эса бундай нарса йўқ. Футболчилар ёшми-каттами бир хил ўйнамоқда.

  Адашмасам, 2001 йилда «Пахтакор»да миллий жамоа базасини яратишди. Худди ҳозир «Олимпик»да ёшлар йиғилганидек, ўша даврда миллий жамоа футболчилари «Пахтакор»да йиғилишганди. Кейинчалик «Пахтакор»га нимадир бўлди, мен бу ҳақида нимадир дея олмайман ҳам, шунчаки бу жамоани «Пахтакор» деб номлашди. Ўшанда бизда миллий жамоанинг барча юлдузлари ўйнарди, мен жуда ёш эдим. Ўша футболчиларни олдин фақат телевизорда кўрардим. Ўшанда улар: «Саня, ундай эмас, бундай қил», — деса, бу мен учун қонун эди. У жамоада Миржалол Қосимов ва кўплаб юлдузлар ўйнарди.

  Ёдингиздами, биз биринчи марта ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига чиққандик. Ўшандан кейин яна нечта ёшлар ва ўсмирлар жамоаларимиз ЖЧга чиқди, аммо ўсиш йўқ. Майли, ёшлар футболи даражасида ҳам. Ҳозирда ушбу даражадаги футболимизда ҳам пасайиш кузатиляпти. Аслида, биз тепага ва яна тепага қараб кетишимиз керак эди. Аммо гўё қайсидир пик нуқтамизга чиққач, пастга тушиб кетгандекмиз. Барча муаммоларни билмайман. Япония ёки Жанубий Кореяга сафар қилсак, юта олармиканмиз, деб борамиз. Бундай бўлмаслиги керак. Биз мана бу итальянлар каби ютамиз деб боришимиз керак. Аксинча, улар биз билан ўйинга қўрқиб тушишлари керак.

«Футболни, аввало, мухлислар учун ўйнаганман»

– Умуман, мен учун футбол бу – шоу. Мен ғалаба учун, жамоа учун кўп нарса қилардим, аммо доим чиройли ўйнашга ҳаракат қилганман. Футболни мухлислар учун ўйнардим. Улар ўйинни кўриб, яна стадионга келиш истаги билан кетишлари керак.

«Миллий чемпионат савияси ҳаминқадар»

– Миллий чемпионат у қадар кучли эмас. Рақобат доим 2-3 клуб ўртасида кечади. Аммо бу етарли эмас. Ҳа, бизнинг даврда ҳам шундай эди, аммо эслаб кўринг, бизнинг дербилар қандай шиддатли кечарди. «Бунёдкор»да Ривалдо ва бошқа легионерлар ўйнарди. Қанча одам футбол кўргани келарди. Ҳозир «Пахтакор»га шунча одам келадими? Йўқ! 2та рақобатчи клуб бўлса, қанчалик катта кураш кечишини кўрдингизми? Агар мана шундай жамоалардан 10та бўлса-чи? Футболимиз қанчалик ривожланарди. Бу муҳитда футболчилар катта ўсишга эришарди. «Бунёдкор» каби кучли рақибларга қарши ўйинда баҳсга ўзингни 100 фоиз тайёрлайсан, аммо аутсайдерга қарши беллашувлар олдидан класс эвазига барибир гол уришингга ишонасан ва бор кучинг билан ўйнамайсан. Аммо кучли ўйинларни футболчи мавсум давомида 2 мартагина ўтказса, қанақасига ўсиш мумкин? Агар шундай ўйинда захирада ўтирсанг-чи?! Ҳа, бизнинг даврда ҳам шундай эди. Шунинг учун, ўшанда ҳам ЖЧга чиқа олмаганмиз, ҳалигача чиқа олмаймиз.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид