Жамият | 23:00 / 20.03.2018
13117
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz’га мурожаатдан сўнг ичимлик суви муаммоси ҳал қилинди

Андижон шаҳри яқинидаги Боғишамол даҳаси деярли адирликларга жойлашган. Паст-баландликлардан иборат ҳудудда оқин сув деярли йўқ бўлиб, ичимлик суви насослар ёрдамида чиқарилади.

Kun.uz таҳририятига даҳанинг Янги ҳаёт маҳалласи 9-тор кўчада яшовчи аҳоли вакилларидан мурожаат келиб тушди.

Арзномада мазкур 9-тор кўчанинг юқори қисмига ичимлик суви етиб бормаётгани, шу сабаб оилалар сувни пулга сотиб олаётгани баён қилинган эди. Аҳоли вакиллари муаммони ҳал этиш учун турли идораларга кўп бора мурожаат қилсада ҳеч қандай самараси бўлмаётганини айтган. 

Kun.uz мухбирлари ечим кутаётган ҳолат билан танишгани Янги ҳаёт маҳалласига борди.

9-тор кўча адирликда жойлашган бўлиб, хонадонлар юқори тепаликларда жойлашган. Дарҳақиқат, ҳудуддаги 40та хонадон охирги икки йил давомида ичимлик суви етишмаслиги билан қийналиб келади. Уларга шаҳар сув оқова корхонаси ҳафтада икки марта сувни машинада етказиб бериб турар экан. Бошқа кунлари эса аҳоли сувни 200 метр пастдаги сув манбасидан ташийди.

Маҳалла аҳли билан муаммоли ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша ерга Андижон шаҳар «Сув оқова» корхонаси раҳбари Ҳумоюн Алимов ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансурбек Баҳромов етиб келишди.

Биз хонадонлар учун кўпдан бери кутилаётган «мутасадди ва аҳоли учрашуви»ни ташкил этиб бердик, чоғи.. Ҳар икки томон узоқ вақт давомида муаммоларни ҳал этиш бўйича суҳбат олиб борди.

Андижон «Сув оқова» корхонаси ўша куннинг ўзида маҳаллага сув қувури келтириши ва кўчанинг 400 метр юқори томони кавланиб, қувурлар ётқизилишини билдирди. Мутасаддилар ваъдасини олгач, аҳоли вакиллари қувурлар учун қазиш ишларига кўчадагиларнинг ўзлари ҳам ёрдам беришларини айтишди.

Қарангки, маъсул шахслар томонидан жойига бориб ўрганилган вазият самарасини кўрсатди. Чунки, шу куннинг ўзидаёқ аҳолидан кўчага сув қувурлари келтирилиб, ётқизиш ишлари бошлангани ҳақидаги фотосуратларни олдик

Сайтимизга аҳоли томонидан тушаётган муаммолар билан танишгач, турли идора ва ташкилотларнинг жойларга бориб, аҳоли мурожаатларини ўрганиб келаётгани ҳақидаги хабарларга салбий қарашга тўғри келмоқда. Ёки аҳолида муаммолар сони жуда кўп. Фикримизча, ҳар қандай вазиятда ҳам аҳолининг мурожаатини ўша жойнинг ўзига бориб ўрганиш баробарида ҳал қилишга ҳам эътибор қаратиш керак.

 

Мавзуга оид