21:45 / 22.03.2018
12097

Экспортчилар диққатига: Welcome to Uzbekistan товар белгиси ҳақида унутманг

Фото: logist2.ru

"Ўзстандарт" агентлигининг 05–912 сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш тизими. Экспорт қилинадиган маҳсулот тамғасига тушириладиган товар белгиси"га доир Oʻz DSt 3284:2017 давлат стандарти долзарб ва ўз вақтида қабул қилинди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан хабар берилишича, мазкур стандарт экспорт қилинаётган товарлар тамғасида www.uzbekistan.travel сайтига ҳавола берилган Welcome to Uzbekistan белгисидан мажбурий фойдаланишни кўзда тутади. Белги туширилувчи юза тамғанинг аниқ ва яққол тасвирини таъминлаши керак. Таъкидлаш жоизки, стандарт хўжалик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилувчи маҳсулотларда қўлланилади. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Ушбу стандартнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, у хорижликларга нафақат Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш имконини беради, балки экспорт қилинаётган маҳсулот ҳақида янада аниқ тасаввур ҳосил қилади. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, хорижликларни мамлакатга жалб қилиш учун ушбу стандартни кўпроқ қўллаш мақсадга мувофиқдир. Тамға Ўзбекистондан экспорт қилинадиган маҳсулотларга ёпиштирилади. Чет элликлар шу тамғадаги QR-код (Quiick response - тезкор маълумот олиш имконини берувчи код) ёки www.uzbekistan.travel сайти орқали Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумот олишади ва уларнинг аксариятида бу юртга қизиқиш, келиш истаги пайдо бўлади. Бу салоҳиятли туристларни кўпайтириш йўлида амалга оширилаётган усуллардан бири. Экспортга чиқаётган хўл мева ё саноат маҳсулотлари ёхуд тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқа товарлар янги стандарт тамға билан тақдим этилса, ишлаб чиқарувчилар ҳам Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшган бўлишарди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур стандартдан фойдаланиш Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 2 октябрдаги Туризмни ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиши Протоколи ижросини таъминлашга қаратилган Назорат режаси пунктларидан бирига киради.

Top