Ўзбекистон | 15:20 / 27.12.2025
1114
3 дақиқада ўқилади

Экспортга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларига саломатлик сертификати берилади

Экспортга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларига саломатлик сертификати бериш бўйича давлат хизмати тартиби белгиланади. Янги механизм маҳсулот хавфсизлиги ва санитария-гигиена талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш, шу орқали экспортда рақобатбардошликни оширишга қаратилган.

Қарор лойиҳасига кўра, мамлакат ҳудудида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро бозорда харидоргирлигини ошириш ҳамда таркибининг халқаро талабларга мослигини таъминлаш мақсад қилинган.

Саломатлик сертификатини олиш хизмати Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Ариза берувчи — озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчи озиқ-овқат бизнеси операторлари. Ваколатли орган — Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (ҳудудий бошқарма ва бўлимлари билан).

Ариза ДХМ орқали (ходим ариза берувчи номидан) ёки ЯИДХП орқали (ариза берувчи мустақил) топширилади. Ваколатли орган ариза ва илова ҳужжатларни 3 иш куни ичида кўриб чиқади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда аризани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Ариза кўриб чиқилгани учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим тўланганидан сўнг ариза ваколатли органга автоматик юборилади. Илова қилинган ҳужжатлар ва тўлов тасдиқланмаса (йиғим тўланмаса ёки ёлғон/нотўғри маълумот аниқланса), ариза автоматик қабул қилинмайди.

Ваколатли орган маҳсулот турига қараб объектда санитария текшируви ва экспертиза, аккредитациядан ўтган лабораторияларда санитария-кимёвий, бактериологик, радиологик, токсикологик, паразитологик таҳлиллар ўтказиш режасини тузади ва озиқ-овқат инспекторини тайинлайди.

Инспектор маҳсулот сақланаётган жойга чиқиб ўрганади, зарур бўлса намуна олади ва далолатнома расмийлаштиради, ишлаб чиқаришда тизим жорий этилган-этилмаганини ҳам ўрганади. 

Лаборатория хулосаси тайёр бўлгач, инспектор ариза берувчига 1 иш куни ичида хабарнома юборади. Хабарнома юборилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида давлат хизмати учун белгиланган тариф бўйича тўлов ундирилади. Тўлов тасдиқлангандан кейин сертификат 2 иш куни ичида QR-кодли шаклда расмийлаштирилиб, ДХМ ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетга юборилади. Сертификат ариза берувчи талаби билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида расмийлаштирилиши мумкин.

Давлат хизмати қуйидаги сабаблар билан рад этилади:

  • давлат хизмати учун тўлов амалга оширилмаса;
  • лаборатория таҳлиллари натижалари салбий бўлса.

Бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланиши қайд этилган.

Сертификат бериш рад этилганда, ариза берувчи рад этилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида ДХМ ёки ЯИДХП орқали апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга. Апелляция 15 иш кунида кўриб чиқилади.

Қўмита Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан бирга 3 ой муддатда хизматни ДХМ ва ЯИДХП орқали тўлиқ жорий этиши, шунингдек, ЯИДХПда мурожаатларни босқичма-босқич кузатиш тартибини йўлга қўйиши белгиланган.

Жараёнларни автоматлаштириш учун электрон реестр ишлаб чиқиш ва уни “Электрон ҳукумат” идоралараро интеграция платформасига улаш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид