19:20 / 23.03.2018
28473

Оила ва никоҳ муносабатларини тартибга солиш бўйича амалий қўлланма чоп этилди

Оила – ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак насллар учун бетакрор тарбия қўрғонидир. Шу боис, оила халқимизда қадим замонлардан муқаддас саналиб келинган ва шундай бўлиб қолади. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятида оила ўзига хос ижтимоий бирлашмани ташкил этади. Оиланинг бу хусусияти унинг жамият манфаатлари билан боғлиқлиги ҳамда ижтимоий вазифаларида ифодаланади.

Шу боисдан ҳам, мамлакатимизда барча хайрли ишлар, эзгу амаллар, аввало, оилаларнинг фаровонлигини, тотувлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсадида амалга ошириб келинмоқда. Зеро, оилада шаклланган соғлом муҳит фаровон турмуш, осуда ҳаёт тарзимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Олий суд томонидан оилавий низоларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг оилавий масалалардаги ҳуқуқий билимларини ошириш, шунингдек бу борада ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида тайёрланиб, чоп этилган «Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти» амалий қўлланмасида никоҳ тушунчаси ва шакли, никоҳ тузиш тартиби ва шартлари, болаларнинг насл-насаби масаласи, ота-она ҳамда вояга етмаганларнинг шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, оила қонунчилигида жавобгарлик, эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, никоҳ шартномаси, никоҳнинг тугатилиши, фарзандликка олиш масалалари батафсил ва содда тилда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилган. 

Китоб халқ қабулхоналари, маҳалла кенгашлари ва хотин-қизлар қўмиталарига бепул тарқатилди. Китобнинг электрон шакли билан Олий суднинг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.   

Top