Мен сизларга бир сирни очмоқчиман. Яхши биласизки, футболчилар WhatsApp да турли гуруҳлар очишади. Менда уйдагилар билан бир гуруҳим бор, шунингдек, «Барса»даги жамоадошларим билан алоҳида гуруҳ очганмиз. Аммо менга энг ёқадиган гуруҳ, ҳайрон бўлишингиз ҳам мумкин, бир пайтлар «Реал»дан 8 ё 9 очко ортда бораётганимизда Испания терма жамоасидаги «Реал» ва «Барселона» футболчиларидан иборат гуруҳ ташкил қилгандим.

Агар сиз фақат оммавий ахборот воситаларини ўқисангиз ва фақат ўша хабарлардан хулоса чиқарсангиз, гўёки биз бир -биримиздан нафратланишимизга ишонишингиз мумкин, аммо аслида биз жуда яхши чиқишамиз. Биз ўша гуруҳда турли футбол тактикалари ва фалсафалар, янгиликлар ва ҳатто ўқиган китобларимизни ҳам муҳокама қиламиз.

Ҳаҳаҳа, нималар деяпман, ҳазил, у ерда фақат қуруқ гаплар, ҳазил-ҳузул ва албатта, «Барселона» ва «Реал» ҳақида гаплар бўлади.

Ажойиб! Худди ёш болаларга ўхшаймиз. Айниқса, ҳозир мен мазза қиляпман, ахир «Реал»дан 15 очко илгарилаб кетдик. Шунинг учун даҳанаки «жанглар»да мен жуда ижодкорман, ҳаммани мот қилиб турибман. Ўтган йили «реалчи»лар ҳамма совринларни ютганда, уларни мот қилиб бўлмасди, албатта. Терма жамоадаги машғулотлар пайтида ҳам устимдан роса кулишарди.

Йигитлар, эсларингдами, ўтган мавсумда «Реал» ҳар бир ўйинни ютгач, улар ижтимоий тармоқларда, инстаграмда ўзларининг яланғоч расмларини қўйишар ва мускулларини кўз-кўз қилишарди. #HalaMadrid деб ёзиб ҳам қўйишарди. Бу йилчи? Ўзларича жиддий бўволишган - «3 очко қўлга киритилди. Биз янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак» деб ёзиб қўйишмоқда. Ҳаҳаҳа! Шунинг учун уларнинг жиғига тегаман - «болалар бунча жиддийсизлар?» деб турли йиғлаган, кулган эможиларни жўнатишни бошлайман.

Мен уларнинг устидан кулишим мумкин, чунки уларнинг ҳаммаси менинг Испания терма жамоасидаги дўстларим, ака-укаларим. Балки биз бир-биримиз ўйнаётган клубларни ёқтирмаслигимиз мумкин, аммо бир юрт учун, бир мақсад учун ўйнаймиз ва мени бу ғурурлантиради. Ўша болалигимда, ЖЧ-94 эди, Луис Энрике терма жамоа либосида қонга беланган пайтдаёқ, мен ўзимга шу либосни бир кун кийишни мақсад қилганман. Бу гаплар балки сизни таажжубга солаётгандир, ахир агар Мадрид телевидениесини қўйсангиз, мен ҳақимда бутунлай бошқа «янгиликлар»ни эшитгансиз. Улар мен сотқин эканимни, мамлакатни иккига бўлиш тарафдори бўлганимни, референдумларда Каталония мустақиллиги куйчисига айланганимни айтиб чарчашмайди.