Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уй қуламайдиган бўлди: ҳоким фуқаронинг уйини тиклаб, ўзини бизнесга йўналтиради, фақат...
Ўзбекистонда бугун ислоҳотлар суръати жадал. Халқ ва ҳукумат ўртасида очиқлик, шаффофлик ва ҳуқуқий асосларга таянган ижтимоий муносабатлар олиб борилмоқда. KUN.UZ таҳририятига ҳар куни келадиган юзлаб мурожаатларни кўрар экансиз, айрим ҳолларда халқ ва ҳукумат вакиллари ўртасида юзага келган англашмовчилик ва бунинг оқибатида пайдо бўлган муаммолар чигал ҳолатга келганининг гувоҳи бўласиз. Худди ана шундай ҳолат Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида ҳам кўзга ташланди.
Гап шундаки, 2017 йилнинг 25 август куни KUN.UZ сайтида “Диққат, уй қулаяпти! Зудлик билан бир оилага ёрдам керак” сарлавҳаси остида хайрия акцияси ўтказилган эди. Унда мазкур туманнинг Яккабоғ қўрғончаси, “Торторгузар” маҳалласининг 23-уйида истиқомат қилувчи 60 яшар Қумри Файзиева ҳақда сўз боради. Унинг уйи жуда хавфли ҳолатга келиб қолган бўлиб, бунинг оқибатида у ер яшашга мутлақо тўғри келмайдиган бўлиб қолган. Таҳририят томонидан бу масалада хайрия акцияси ўтказилди ва саховатли инсонлар кўмагида 5 миллион сўм атрофида пул йиғилди. Биз Қумри Файзиевнинг муаммоси ечилдими ёки йўқ, шу масалада у кишининг хонадонига яна бир бор ташриф буюрдик.
Борганимизда уй ҳолати ҳамон ўшандай эди. Ёнимизда бизга ҳамроҳ бўлган ҳокимият вакиллари хонадон эгалари аслида бошқа бир уйда яшашлари, авария ҳолатига келиб қолган уйда оила аъзоларидан ҳеч ким яшамаслигини айтди. Биз хонадон эгаси Қумри холани суҳбатга тортдик.
- Хайрия акциясидан тушган пулларга газ плиталари, гиламлар олдик. Шароитимиз шуни талаб этди. Уй масаласида туман ҳокимиятига бордим. Жуда кўп бордим, аммо улар эшитишни исташмади, менинг авария ҳолатига тушиб қолган уйимни таъмирлаб беришни исташмади. Маҳалламиз фуқаролар йиғинига ҳам бир неча маротаба учрашганман. Туман раҳбарлари доим менга “уйингизнинг таъмирланиши икки-уч ойдан нарига ўтмайди, битириб берамиз”, деб фақат қуруқ ваъдалар бериб келишди. Аммо бирорта айтилинган сўзнинг устидан чиқилмади.

Бизга шу куни ҳокимият ва маҳалла йиғинидан келган мутасаддилар Қумри Файзиевага ҳокимият томонидан она-бола қорамол ажратилинганини айтишди. Лекин борганимизда биз қорамолларни кўрмадик. Ҳовлининг бир четида мустаҳкам этиб қурилган икки хонали уйда оила аъзолари яшаб келаётганининг ҳам гувоҳи бўлдик. Шундай бўлса-да, ўша сафаримиз чоғида Қумри Файзиевага ҳокимият томонидан моддий рағбат ажратилиши таъкидланди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Худди шу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро – Ибодат Хидировадан таҳририятимизга мурожаат хати келиб тушди. Унда аёл оилада ёлғиз боқувчи эканлиги, коллежни битирган ўғли ва келини, шунингдек, қизи ишсизлиги, бу борада ҳокимиятга қилинган мурожаатлар бесамар кетганлиги тилга олинган.
19 март куни яна Яккабоғ сари йўл олдик. Баҳонада Қумри Файзиевани ҳам кўриб кетишни истадик. Туман ҳокими Жаҳонгир Бобоев билан кўришдик. У киши бизни қабул қилиб, мурожаатлар мазмуни билан танишди ва ўша куни туманда ўтаётган Наврўз тантанаси бўлишига қарамай икки фуқаро – Қумри Файзиева ва Ибодат Хидировни шахсан қабул қилиб, уларни тинглади.

Ибодат Хидированинг муаммосига тўхталар экан, туман ҳокими тегишли мутасаддиларга кўрсатма берди, аёлнинг ўғли туман ободончилиги бошқармасига инспектор сифатида, келини боғча опа сифатида ва қизи ҳам туманда мавжуд вакансиялар асосида ишга жойлашадиган бўлди. Аммо Қумри Файзиеванинг масаласи...

Юқорида таъкидлаганимиздек, аввало, аёлнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида таҳририятимиз томонидан хайрия акцияси ташкил этилиб, 7 млн сўм атрофида пул йиғилган. Аммо тўпланган пуллар уйни бузиб, қайта қуришга етмаганлиги учунми ёки опанинг ўзлари айтганидек, шароит талаби билан маиший буюмлар сотиб олингани сабабми у пуллар уй қурилишига ишлатилинмаган. Бундан ташқари, опанинг ўзи, “Тоза ҳудуд” бошқармасида ишлаётган ўғли ва туман Марказий шифохонасида ишловчи келини нафақа ва маош олишлари сабаб, бу оила кам таъминланган оилага киритилмас экан. Ҳокимият ҳам уй таъмири учун 7 млн пул ажратган экан. Масалани ўрганар экан, туман ҳокими шундай қарорга келди:
- Мен эски уйингизни таъмирлаш учун ҳокимият томонидан 14 млн сўм пул ажратаман. Қурувчиларнинг ўзлари бориб, ишларини бошлаб юборишади. Фақат битта шарт билан, яъни мен сизга 150 дона зотдор товуқ олиб бераман, ҳовлингиз четида улар учун катак ҳам қуриб беришади. Ем-ҳашагини ҳам ҳокимият кўтаради. Тухумларни сотиб олувчи мижоз ҳам топиб бераман. Сиз уларни чиройли парваришлаб, кунлик емини бериб, тухумларни сотасиз. Банк сизни қарзингни тўла деб қистамайди. Айтмоқчи бўлганим, шу бизнесни йўлга қўйиб, оиланинг моддий ҳолатини яхшилайсиз. Кейинчалик товуқларингиз сонини янада кўпайтириб бераман.

Аммо Қумри Файзиеванинг айтишига қараганда, “унинг қон босими бор экан, шу сабаб товуқларга қарай олмас экан...”. Шу нуқтада воқеалар ривожи, очиғи, бизнида ҳайратга солди. Тўғри, ҳоким икки фуқаронинг муаммосини ҳал этиш йўлида турли кўрсатмалар берди, бу ваъдаларни бажариш учун амалий ҳаракат зарур. Аммо фуқаро ҳам ҳокимиятга ёрдамчи бўлса, бор имкониятлардан унумли фойдаланиб ўзи ва яқинлари учун ҳаракатда бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳар ҳолда биз шундай фикрдамиз. Чунки айни замон, айни давримиз шуни талаб этяпти. Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
12:07 / 25.02.2026
Киберфирибгарлик: бемор болалар учун хайрия видеолари орқали пул йиғган шахс ушланди
21:57 / 16.02.2026
Рамазон ойидаги хайрия тадбирларига 1 триллион сўм ажратилади
12:37 / 19.12.2025
Яккабоғ ҳокимлигининг ўзбек “демократияси”га қаршилиги синди. Қайрағоч аҳолиси сув билан таъминланади
16:14 / 18.12.2025