Жаҳон | 22:07 / 27.03.2018
7176
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг НАТОдаги доимий ваколатхонаси ходимлари сони камайтирилади 

Фото: Pool/Virginia Mayo

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бир қатор давлатлардан россиялик дипломатларнинг чиқариб юборилишига изоҳ берди ва альянс “Скрипаль иши” бўйича қандай чора кўриши ҳақида сўзлаб берди.

“НАТО давлатлари орасида жадал маслаҳатлашувлар ўтказилди. Бу маслаҳатлашувлар НАТО бўйича 25 иттифоқдош ва ҳамкор давлатлар ўз ҳудудларидан 140 нафар россиялик вакилни чиқариб юборишига олиб келди. Бу қатъий ва мувофиқлаштирилган халқаро муносабатдир”, деб айтган Столтенберг.

Шунингдек, Россиянинг НАТОдаги доимий ваколатхонаси ходимлари 10 нафарга, яъни 20 нафаргача камайтирилади. 7 нафар дипломатнинг маъқулланган аккредитацияси қайтариб олинади, 3 нафар дипломатга эса уни бериш рад этилади.

Шу билан бирга альянс Россия-НАТО кенгаши йиғилишига тайёргарлик кўришни бекор қилмоқчи эмас. Столтенбергнинг айтишича, амалга оширилаётган қадамлар альянснинг Россияга нисбатан сиёсатини ўзгартирмайди. 

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазирлигидаги манба НАТОнинг бу қарори “альянс ва Москва ўртасидаги мулоқот учун имкониятни жиддий камайтиришини” айтган. Манба “жавоб чоралари албатта бўлишини” айтган.

26 март куни АҚШ, Канада, Норвегия, Украина, Албания, Македония ва Европа Иттифоқининг 16 та давлати ўз ҳудудларидан россиялик дипломатларни чиқариб юборишини эълон қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид