Ўзбекистон | 17:07 / 28.03.2018
6665
3 дақиқада ўқилади

Хориждаги фуқароларни қутқариш операциялари қандай ўтказилади?

Фото: Norma.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 18.03.2018 йилдаги 206-сон қарори билан Хорижий давлатлар ҳудудида фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
 
Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан жабрланган Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ва ҳалок бўлганларни эвакуация қилиш чора-тадбирларини ўтказиш тартиби белгиланган. Ҳужжатнинг амал қилиши хорижий давлатлар ҳудудида бошқа ҳолатларда жабрланган Ўзбекистон фуқароларига татбиқ этилмайди, фавқулодда вазиятлар (бундан кейин – ФВ) бундан мустасно.
 
Бунда ФВ деганда одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғига зарар етишига ҳамда ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат тушунилади.
 
Қутқарув операциялари алгоритми
 
ФВВ, ТИВ, ИИВ ОАВ (телевидение, радио, интернет, ижтимоий тармоқлар), жисмоний ва юридик шахслар мурожаати, чет мамлакатларнинг вазирликлари ва идоралари орқали хорижий давлат ҳудудида ўзбекистонлик фуқаролар иштирокида ФВ содир бўлганлиги тўғрисида маълумот олади.
 
Маълумотларга аниқлик киритилиб, консуллик муассасалари билан ахборот алмашгандан кейин ФВВ, ТИВ, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек ФВ хусусиятига қараб бошқа вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат махсус гуруҳ таркиби шакллантирилади. Гуруҳни ФВ ҳудудига етказиш учун учиш ёки темир йўл воситаси тайёрланади.
 
Жойга етиб келган заҳоти қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

• қутқарув ишлари;
• жабрланганларга шошилинч, ихтисослаштирилган тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш;
• тезкор қидирув ва тергов тадбирларида иштирок этиш;
• жабрланган ва ҳалок бўлганларни Ўзбекистонга эвакуация қилишга тайёргарлик кўриш ва амалга ошириш;
• ФВ сабаблари ва шароитлари тўғрисида ахборотнома тайёрлаш.
 
Махсус гуруҳ Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг жабрланганларни тиббиёт муассасаларига, ҳалок бўлганларни уларнинг оила аъзолари истиқомат қилаётган ҳудудларга етказиш иши ташкил этилади. Жабрланганларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий реабилитацияси, ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳал этиш ҳудудий ҳокимликлар зиммасига топширилади.
 
Ҳужжат 26.03.2018 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид