Ўзбекистон | 18:37 / 29.03.2018
17452
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонга 10дан ортиқ Ми-35 вертолётларини етказиб беради

Фото: РИА "Новости"

Россия Ўзбекистон билан 10дан ортиқ Ми-35 вертолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича федерал хизмати раҳбари ўринбосари Владимир Дрожжов ArmHiTec кўргазмасида журналистларга хабар берди, деб маълум қилмоқда ТАСС.

"Келишувларга мувофиқ бизда Ми-35 вертолётларини етказиб бериш учун шартнома имзоланди. Айни дамда муваффақиятли иш кетяпти, ҳамда Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик жуда динамик тарзда ривожланмоқда", - дея айтиб ўтди у.

Дрожжовнинг сўзларига кўра, етказиб бериш ҳажми 10тадан ортиқ машинага тенг бўлади.

Аввалроқ ТАСС’нинг дипломатик манбаси икки мамлакат ўртасида 12та шундай вертолётни етказиб беришга шартнома имзолангани ҳақида хабар берганди.

Ми-35М транспорт-жанговар вертолётлари зирҳли техникани йўқ қилиш ва қуруқликдаги бўлинмаларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган, шунингдек, шахсий таркибни олиб ўтиш, яраланганларни эвакуация қилиш, юкларни ташиш ҳамда бошқа вазифаларни бажаришда қўлланилади. Вертолётлар юқори аниқликдаги замонавий қурол билан жиҳозланган ва турли об-ҳаво шароитида кечаю-кундуз жанговар вазифаларни бажариши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид