21:04 / 31.03.2018
27423

​Бош вазир Абдулла Арипов барчани Кемерово фожиасидан тегишли хулоса чиқаришга чақирмоқда

Фото: Sputnik Узбекистан

Бугун, 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида селектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш кун тартибида “Савдо-кўнгилочар ва одамлар кўп тўпланадиган бошқа мажмуаларда ёнғин билан боғлиқ ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятларни олдини олиш ҳолати ҳамда белгиланган профилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича раҳбар ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш ҳақида”ги масала кўрилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди. 

Маълум қилинишича, туман ва шаҳар студияларида маҳаллий ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, ички ишлар, солиқ идоралари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа кун тартибидаги масалага алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Селектор йиғилишида Бош вазир Абдулла Арипов вилоят ва ҳудудлардаги савдо кўнгилочар ва одамлар кўп йиғиладиган бошқа мажмуалардаги айни пайтдаги ҳолатни таҳлил қилиб, мавжуд камчиликларни танқид остига олди. Шунингдек, камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берди. Россия федерациясининг Кемерово вилоятидаги кўнгилочар мажмуада содир бўлган ёнғиннинг оғир оқибатларидан тегишли хулоса чиқариш зарур эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Санжар Зуфаров ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари кун тартибидаги масала бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олиш бўйича сўз олди.

Top