Ўзбекистон | 23:29 / 31.03.2018
56674
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz фаолиятига тўсқинлик қилган «Тошкент савдо маркази»​ ходимлари ишдан бўшатилди

Фото: KUN.UZ

29 март куни «Toshkent trade center» МЧЖ («Тошкент савдо маркази» ёхуд собиқ Абу-Сахий бозори) маъмурияти Бош директор Алишер Хусаинов ва Kun.uz ходимлари иштирокида ижодий гуруҳ аъзоларининг фаолиятига тўсқинлик бўлгани юзасидан очиқ суҳбат уюштирилди. Мавжуд далиллар ва тушунтиришлар натижасида бозор маъмурияти бош директори воқеадан бехабар эканлигини ва юзага келган кўнгилсиз воқеа учун узр сўраб, хизмат текшируви ўтказишга буйруқ бериши ҳақида маълум қилди.

30 март куни эса хизмат текшируви жараёнида корхонанинг айрим ходимлари томонидан Kun.uz электрон  оммавий ахборот воситаси​ вакилларига нисбатан ҳурматсизлик билдирилиб, номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги аниқланди. Текширув хулосасига асосан, Тезкор ишлар ва режим назорати бошлиғи ўринбосари Т.Д.Идрисалиев, Инфраструктурадан фойдаланганлик ҳамда бино ва иншоотларнинг ижараси учун тўловлар назорати бўлими менежерлари Р.Х.Хотамов, М.М.Шарипов ва Б.Б.Джураев, шунингдек савдо маркази Хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини бажариб турган видеокузатув хизмати катта оператори Б.Р.Сайидов эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиниб, ишдан бўшатилди.

Шунингдек, корхонанинг Инфраструктурадан фойдаланганлик ҳамда бино ва иншоотларнинг ижараси учун тўловлар назорати бўлими бошлиғи А.Э.Аҳмедов, Хавфсизликни таъминлаш бўйича хизмат бошлиғи У.Раҳимов ва бошқа бир қатор ходимлар қаттиқ огоҳлантирилиб, Бош директорнинг биринчи ўринбосарига бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш лозимлиги қатъий таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни «Тошкент савдо маркази» ҳудудида Kun.uz журналисти, ижодий гуруҳ бошлиғи Хуршид Далиев, таҳририят юристи Зафарбек Солижонов ва тасвирчи ходими Фазлиддин Абдуқодиров журналистик фаолиятини амалга оширишда бозор маъмурияти ходимлари томонидан тўсқинликка учраганди. Бозор маъмуриятининг Рустам исмли ходими Kun.uz тасвирчисидан камерани тортиб олиб, камера хотирасида мавжуд барча тасвирни ўзбошимчалик билан ўчириб ташлаган. Шунингдек, хизмат гувоҳномасини кўрсатган таҳририят ходимларини мажбурий равишда бозор маъмурияти биносига киришга ундаган. Хизмат вазифасида бўлган мухбирлар бозор маъмуриятига қарашли бинода жисмоний ва руҳий тазйиқларга учраганди.

Мавзуга оид: ​Kun.uz фаолиятига тўсқинлик қилинди

Мавзуга оид