Жамият | 13:53 / 03.04.2018
5584
2 дақиқада ўқилади

Илк марта қизларни технологиялар соҳасига жалб қилишга йўналтирилган таълим дастури ўтказилади

Фото: AKT vazirligi

10 апрель куни Тошкент шаҳридаги ИНХА Университетида биринчи марта қизлар салоҳиятини ошириш ва уларни технологиялар соҳасига жалб этишга қаратилган “DigiGirlz” таълим дастури бўлиб ўтади. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматида шу ҳақида маълум қилинди

Дастурда 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган қизлар иштирок этиши мумкин. Қизиқиш билдирган қизлар 2018 йилнинг 6 апрелига қадар digigirlz.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.

“DigiGirlz” – Microsoft корпорациясининг қизлар учун илм-фан, технология, муҳандислик иши ва математика соҳаларида таълимга инвестиция дастуридир. Дастур глобал иқтисодиётнинг чақируви ва муаммоларига тайёр бўлган келажак ходимларини тайёрлаш учун мўлжалланган.

Таълим дастури икки блокдан иборат бўлади. Биринчи бўлимда иштирокчилар стереотипларни синдириб, аёллар учун ноанъанавий бўлган технология саноатида карьера қилган Microsoft корпорацияси вакиллари ва мутахассисларининг маърузаларида иштирок этишади. “DigiGirlz”нинг иккинчи қисми қизларга ахборот технологиялари соҳаси ҳаяжонли ва қизиқарли бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берувчи амалий машғулотлардан иборат бўлади.
 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид