Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Палов килограмлаб сотилади ва уч баробар арзон» — Ўзбекистон тожикистонлик мухбир нигоҳида
Тожикистоннинг «Asia Plus» медиа портали мухбири Ўзбекистоннинг олтита вилоятида меҳмон бўлиб, қўшни давлат қандай яшаётгани ҳақида ҳикоя қилувчи мақола тайёрлади.

«Унга кўз тегмасин!». Оддий ўзбекистонликлар ўзларининг президенти Шавкат Мирзиёев ҳақида шундай дейишмоқда ва республика йўлларидаги блокпостлардан халос бўлишмоқда.
Шундай қилиб, мен Тошкентга боришим керак эди ва мен самолётда эмас, Сўғд вилояти орқали эмас, у ерга бориш учун Турсунзода шаҳридан кейинги чегара орқали Сурхондарё вилоятига олиб кирувчи энг узоқ йўлни танладим. Мен бу ердан Тошкентгача деярли минг километр йўл босиб, олти вилоят — Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтишим керак эди.
Майда савдогарлар қимматроқ сотиш мумкин бўлган ҳамма нарсани олиб келишмоқда
Виза режими бекор қилингач, тожик-ўзбек чегарасини ҳар куни икки томондан 10 мингга яқин инсонлар кесиб ўтишмоқда. Энди чегара ўтказиш пунктлари гавжум ва шовқин-суронли. Улар, асосан, у ёқдан бу ёққа кенг истеъмоли моллари ташиётган савдогарлардир. Масалан, Ўзбекистондан Тожикистонга товуқ тухуми, гуруч, ўсимлик ёғи ва текстил маҳсулотлари келтиришмоқда. Тожикистондан Ўзбекистонга олма, нок, кенг истеъмол моллари, чангюткич ва гиламлар. Давлат чегарасининг ҳар икки тарафида қизғин савдо кетаётган мўъжаз бозорчалар ҳам пайдо бўлган.
Айни пайтда ҳар икки давлат қонунлари божхона тўловларисиз 300 доллардан ортиқ бўлмаган маҳсулотларни олиб ўтишга изн беради, бу эса майда савдогарларга ҳаракат эркинлигини яратади. Дарвоқе, Ислом Каримов даврида Тошкент Ўзбекистонга божхона тўловларисиз 10 доллардан ортиқ бўлмаган маҳсулотларни олиб киришгагина рухсат берилганди.
Ўзбекистон ўз ҳудудига Тожикистоннинг барча фуқароларига 2 минг АҚШ долларигача бўлган пул маблағларини декларациядан ўтказмасдан олиб киришга рухсат берган; илгари ҳар қандай миқдордаги пул, қимматбаҳо буюмлар мажбурий тарзда декларацияланарди.
Божхоначиларнинг ҳам иши ўзгарган, улар энди фуқароларнинг юкларини қўлда текширишмайди, махсус техникадан фойдаланишади. Яқин-яқингача тожикистонликларнинг багажини ўзбек божхоначилари шахсан текширишарди; одамларнинг пойафзаллари ва пайпоқлари ечтириларди, чўнтаклардан ҳамма нарса чиқариларди.
Чегаранинг ҳар икки томонида чегарачилар сони ҳам кўпайган: айни пайтда Тожикистон тарафда тўрт нафар, Ўзбекистон тарафда саккиз нафар чегарачи ишламоқда. Табиийки, қўшниларимиз навбат ҳосил бўлмаслиги учун инсонлар оқимини осон бошқармоқда, уларнинг тожик ҳамкасблари бироз пайсалланмоқда.
Ўзгармаган бир нарса валютанинг фаол олди-сотдиси: сўмлар ҳам сомонийлар ҳам сотилмоқда. Лекин бу бизнесга яқин орада чек қўйилса керак: Тожикистон ва Ўзбекистон қонунларига кўра, хусусий шахслар валюта айрибошлаш билан шуғулланишлари тақиқланган. Ўзбекистон тарафда валюта айрибошлаш шохобчаси ҳам қуриб қўйишибди.

Тожик киракашлари ўзбек таксичиларидан нимаси билан фарқланади?
Чегарада одамлар оқими кўпайиши ҳамоно, табиийки, ҳар икки томонда таксичилар сони ҳам оша бошлаган, фақат улар ўртасида катта фарқ бор. Тожикистон тарафда лицензияга эга бўлмаган киракашлар бу билан шуғулланишса, Ўзбекистонда ундайлар кам, бу ерда бу қатъий назорат остида экан.
Тожик киракашлари барча потенциал мижозларнинг қўлидан тортқилашади ва йўлкира учун ҳаддан зиёд нархни айтишади (масалан, 50 километр жойга 25 сомоний сўрашади, ўзбеклар шунча масофага тўққиз сомоний билан элтишаркан) ва ҳамкасбларидан кимдир пастроқ нарх айтса даҳанаки жанг бошланади. Ўзбекистонда бундай ҳолатга дуч келмайсиз.
Ўзбекистон чегараси кесиб ўтилгач, хоҳловчиларга Тошкентгача йўл бўйидаги юзлаб кафе ва ресторанлар хизмат кўрсатар экан. Тошкентгача бўлган минг километрга яқин масофада официанти униформада бўлмаган бирорта овқатланиш корхонасини, ўзим кирган бирорта ошхонада синган мебель, кир ва чатнаган идишларга кўзим тушмади. У ердаги нархлар Тожикистондагидан икки, баъзи жойларда уч баробар арзон экан. Дарвоқе, бирорта кафеда мижозларга хизмат кўрсатганлик учун қўшимча ҳақ олинмайди.
Сирдарёда йўл бўйидаги кафеда бизга ошни тарозида ўлчаб беришди. Ўзбекистондаги баъзи кафе ва ресторанларда ош вазнига қараб сотилар экан – 100, 200 грамм ёки бир-икки кило ош.
Хуллас, бизнинг йўл устидаги ошхоналаримиз Ўзбекистондагилари билан солиштирганда орқада.
«Кўз тегмасин! Худо асрасин!»
Тошкентда сўнгги марта ўн беш йил муқаддам — 2003 йилнинг мартида бўлган эканман. Ўшанда Ўзбекистон йўлларида кучишлатар тизимларнинг ходимлари жуда кўп бўларди: чегарадош туманлар ва вилоятлар ўртасида милиция, божхона ва аскарларнинг кучайтирилган блокпостлари тикланган эди. Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра блокпостларнинг барчаси олиб ташланди. Маҳаллий аҳоли бу чора йўлларда коррупция даражасининг кескин камайишига хизмат қилганини айтишмоқда.
Яна бир нарса: Ўзбекистонда автомашиналар ойнасини қорайтириш мумкин эмас, қоидабузарлик 172 минг (185 сомоний) билан жаримага тортилади. Бироқ Тошкентга саёҳатимиз давомида меҳмонхоналар олдида, бозорларда, автотураргоҳларда Тожикистон авторақамига эга ва ойналари қорайтирилган кўплаб машиналарни кўрдик. Самарқанд вилоятидаги Ўзбекистон ЙПХ ходими «юқоридан берилган буйруқ» бўйича улар ҳозирча тожикистонлик ҳайдовчиларни огоҳлантириш билан чекланишаётганини айтди.
— Ҳозирча меҳмонларни жаримага тортмаяпмиз, фақатгина бу ҳол бизда тақиқланганини эслатиб қўймоқдамиз; агар янги буйруқ келса, жаримага тортишни бошлаймиз, — деди йўл нозири.
Қўшни давлат фуқаролари сўнгги ўн йиллар ичида Ўзбекистонда тожик авторақамларига эга машиналар илк марта пайдо бўлганини айтишмоқда ва улар учун бу мисли кўрилмаган ҳодиса. Бунинг учун улар ўз президентига ташаккурлар изҳор этишмоқда. Мирзиёевнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатдаги ислоҳотлари Ўзбекистон аҳолисининг абсолют катта қисмига манзур бўлмоқда. Улар бу ҳақда ҳамма ерда ва мамлакатга меҳмонга келган барчага тўлқинланиб сўзлаб беришмоқда.
«Кўз тегмасин! Худо асрасин!», — дейишмоқда улар.
Аваз Йўлдошев,
Asia Plus
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026