20:12 / 05.04.2018
9164

Турк разведкаси 18 та давлатдан Гуленнинг 80 тарафдорини олиб чиқиб кетган

Фото: AP Photo / Selahattin Sevi

Турк разведкаси 18 та давлатдан Фатҳулла Гулен ташкилоти FETO’нинг 80 аъзосини олиб чиқиб кетган. Бу ҳақда Туркия бош вазири ўринбосари Бакир Бўздаг маълум қилди.  

Аввалроқ Косово бош вазири Рамуш Харадинай Косоводаги “Мехмет Акиф” коллежининг 6 нафар ходими FETO’га алоқадорлик гумони билан ҳибсга олингандан кейин мамлакат ички ишлар вазири Флямур Сефай ва Косово разведка агентлиги директори Дритон Гашини истеъфога чиқарганди. Anadolu ахборот агентлиги маълумотларига кўра, коллеж ходимлари Косово разведка хизмати кўмагида Туркия миллий разведка ташкилоти ходимлари томонидан Туркияга етказилган. 

“Туркия миллий разведка ташкилотига хорижда фаолият олиб бориш ваколати берилган. Косоводаги каби амалиётлар давом эттирилади. Косовода амалга оширилган амалиёт катта муваффақиятдир. Бугунги кунда 18 та давлатда FETO’нинг 80 аъзоси аниқланиб, Туркия етказилган. Уларнинг АҚШнинг Пенсильваниясидаги етакчиси бундан саросимага тушган”, деб айтган Бўздаг Haberturk телеканали эфирида.

Бироқ Бўздаг Гулен тарафдорлари қайси давлатлардан олиб чиқиб кетилганига аниқлик киритмаган.

Туркия ҳукумати Гуленни Туркиядаги давлат тўнтарувига уринишни ташкиллаштиришда айблаб келади, бироқ Гулен бу айбловларни рад этади.

Top