00:13 / 06.04.2018
15823

Россиялик миллиардерлар АҚШдаги сайловларга аралашишда гумон қилинмоқда

Фото: AP

АҚШ прокуратураси президент сайловларига аралашиш иши бўйича камида икки россиялик олигархни сўроқ қилди. Flightradar маълумотларига кўра, март ойида Нью-Йоркда Роман Абрамович, Виктор Вексельберг ва Михаил Прохоровларнинг самолётлари бўлган.

2016 йилдаги АҚШ президенти сайловларига Россиянинг аралашуви масаласини текшираётган АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллернинг жамоаси сўнгги икки ҳафтада АҚШда бўлган россиялик икки ишбилармонни сўроқ қилди. Бу ҳақида пайшанба куни CNN бир неча манбаларига асосланиб хабар берди.

Манбага кўра, россиялик олигархлардан бири унинг хусусий самолёти Нью-Йоркка қўниши билан сўроқ қилинган. Унинг электрон қурилмалари текширувдан ўтказилган. Иккинчи ишбилармон яқинда АҚШга кечган сафари чоғида сиқувга олинган. Унга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

РБК нашри самолётлар ҳаракатини онлайн-режимда кузатувчи Flightradar24 сервисининг очиқ маълумотларига асосланиб, март ойида Нью-Йоркка бир неча россиялик миллиардерларнинг самолётлари қўнганини аниқлади.

Шундай қилиб, Flightradar24 маълумотларига кўра, P4-MES рақамли Boeing 767-300ER самолёти 12 ва 16 март кунлари Нью-Йоркда бўлган. Forbes журналида қайд этилишича, бу самолёт россиялик ишбилармон Роман Абрамовичга тегишли. M-RBUS белгили Airbus A319 самолёти 20-21 март кунлари Нью-Йоркда бўлган, бу самолёт миллиардер Михаил Прохоровга тегишли. P4-MIS рақамли Airbus A319-115 (CJ) самолёти 6-11 март кунлари АҚШда Бостон-Бостон — Нью Йорк — Вашингтон — Нью Йорк йўналишида бир неча парвозни амалга оширган. Хусусий самолётларга оид маълумотларни тўпловчи private-jet-fan.com сайти маълумотларига кўра, самолёт эгаси — миллиардер Виктор Вексельберг.

Абрамовичнинг вакили вазиятга изоҳ беришдан бош тортди, бироқ ишбилармонга яқин манбанинг маълум қилишича, у АҚШда сўроққа тутилмаган. Қолган ишбилармонларнинг вакиллари РБК сўровига жавоб беришмаган. АҚШ махсус прокуратураси вакили ҳам изоҳ беришдан бош тортган.

Пайшанба куни АҚШ россиялик бир неча олигархга нисбатан санкциялар киритишни режалаштираётгани маълум бўлди. Кремль бундан хабардор, деди Кремлнинг расмий вакили Дмитрий Песков. Бироқ у Россияда олигархлар борлигига эътироз билдирди. "Россиялик олигархлар" иборасини ноўрин деб ҳисоблаймиз. Россияда олигархлар яшаган даврлар аллақачон ўтиб кетган. Россияда олигархлар йўқ", - деди у.

Top