Ўзбекистон | 09:04 / 09.04.2018
8479
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги нечта корхона фаолият кўрсатаётгани айтилди 

Фото: shutterstock.com

2018 йил 1 апрель ҳолатига фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 5815тани ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 683тага ёки 13,3%га ўсган. Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 3243таси қўшма корхоналар, 2572таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар 3785та (65,1%), Тошкент вилояти 631та (10,9%) ва Самарқанд вилоятлари 305та (5,2%) ҳиссаларига тўғри келади. 

Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм вилояти 52та (0,9%), Қашқадарё вилояти 55та (0,9%), Навоий вилояти 65та (1,1%) ва Сурхондарё вилояти 71та (1,2%) ҳиссаларига тўғри келади. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади.

Агар фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари кесимида ушбу маълумотларни 2018 йил 1 апрель ҳолатига кўрилса, энг кўп саноатда 2511та (43,2%), савдода 1142та (19,7%) ҳамда бошқа фаолият турларида эса 1011та (17,4%) ташкил қилган, энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 82та (1,4%), ахборот ва алоқада 141та (2,4%), ташиш ва сақлашда 171та (2,9%) қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 187та (3,2%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 227та (3,9%) ва қурилишда 343та (5,9%) ташкил қилган. Шундан кўриниб турибдики фаолият юритадиган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турига тўгри келаркан. Шунингдек энг кам улуши эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади.

2018 йилнинг январь-март ойида хорижий капитал иштирокидаги рўйхатдан ўтган янги корхоналарнинг сони 387тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 208тага кўпайган ёки 2,2 бараварга ошган. 

Бунда, Россия Федерацияси резидентлари капитали иштирокида – 76та, Туркия Республикаси – 59та, Қозоғистон Республикаси – 55та, Хитой Халқ Республикаси – 54та ва Корея Республикаси – 35та янги корхоналар рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2018 йилда Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Украина, Озарбойжон Республикаси ва бошқа давлатлар резидентлари қўшма фаолиятга қизиқиш билдирдилар.

Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар иқтисодий фаолият турлари бўйича кўриладиган бўлса, асосан саноатда 134та, савдода 108та, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 33та, қурилишда 32та ва бошқа фаолият турларида 80та хорижий капитал иштирокидаги корхона янги ташкил этилган.

Мавзуга оид