Ўзбекистон | 22:17 / 10.04.2018
8115
4 дақиқада ўқилади

Жиззахга Хитой делегацияси ташриф буюрди

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Хитойнинг Цзянсу провинцияси Янчжоу шаҳри мэри Чжан Баоцзюань бошчилигидаги делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берган.

Делегация таркибида Янчжоу шаҳри мутасаддилари – Ван Юйцзюнь (шаҳар маъмуриятининг бош котиби), Чжу Юн (ташқи ишлар масалалари бўйича департаменти директори), Сюй Чжиган (меҳнат ресурслари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш департаменти директори ўринбосари), Чжан Чуньпин (шаҳар маъмурияти бўлим бошлиғи), Кун Вэйцзя (шаҳар маъмурияти ташқи ишлар масалалари бўйича департаменти директори ўринбосари), Лю Гуандао(«Famsun» компанияси халқаро маркетинг директори), Тан И («Цзинлю» туристик компанияси президенти) бор эди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад вилоятнинг иқтисодий, савдо, қишлоқ хўжалиги, туризм, маданий ва тарихий ёдгорликлари, томонлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу билан бирга, истиқболли лойиҳалар бўйича музокаралар олиб бориш ҳамда ҳамкорлик Меморандумини имзолашдан иборат бўлди.

Дастлаб, делегация вакилларини вилоят ҳокимлигининг конференциялар залида вилоят ҳокими Эргаш Солиев бошчилигида вилоят ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Эгамов, шаҳар ҳокими Акбар Шукуров ва унинг инвестиция бўйича ўринбосари Феруз Раҳимов ҳамда вилоят инвестициялар бўйича бош бошқармаси бошлиғи Шерзод Иномов кутиб олишди.

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Учрашув давомида Янчжоу шаҳри ва Жиззах вилоятининг инвестицион ва туристик салоҳиятлари тўлиқ очиб берилди ҳамда делегация аъзолари ўртасида фикрлар алмашилиб, саволларга жавоблар олинди.

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги
Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Учрашув якунларига кўра, Жиззах шаҳри ҳамда Янчжоу шаҳри ўртасида ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланди.

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги
Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Куннинг иккинчи ярмида вилоятнинг туристик имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида, делегация аъзолари Зомин туманига ташриф буюришди. Меҳмонлар тумандаги Зомин қўриқхонаси, Зомин санаторияси, Супа майдони ва бошқа туристик дам олиш масканлари билан танишишди. Айни пайтда бу ҳудудлардаги ҳам тоғ, ҳам кўл, ҳам чўл, ҳам шаҳар йўналиши бўйича туристларни жалб қилиш имкониятлари мавжудлиги, бу соҳада келгусида фойдаланиш мумкин бўлган имкониятлар кўплиги меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, делегация вакиллари Жиззах эркин иқтисодий зонаси имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида ҳудудга ташриф буюришиб, эркин иқтисодий зонанинг имкониятлари тўғрисидаги тақдимот ва бошқарув биносида яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилиб, хорижий инвесторлар иштирокидаги «Ming Yuan Silu Indusrtry» МЧЖ ойна заводи, «Ecoclimat» МЧЖ, «Roison» МЧЖ хўжалик электр моллари корхоналарига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан танишишган.

«Ушбу учрашувлар самараси ўлароқ, хитойлик меҳмонлар май-июнь ойларида Жиззах вилояти ва шаҳар вакилларини Янчжоу шаҳрига таклиф этиб, ушбу ўзаро алоқаларнинг амалда давом эттириш босқичига ўтишни таклиф этишди», дейилган хабарда.

Мавзуга оид