Иқтисодиёт | 19:41 / 11.04.2018
34658
2 дақиқада ўқилади

Январь-март ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қанча бўлди? 

Фото: KUN.UZ

Иқтисодий фаолият турлари кесимида иш ҳақи кўрсаткичларини умумлаштириш натижасида, 2018 йил январь-март ойларида Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 548,3 минг сўмни (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 20,1%га ўсишни таъминлади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабарида айтилган.

2018 йил январь-март ойларида 2017 йилнинг мос даврига нисбатан иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг юқори ўсиш суръати ахборот ва алоқада 28,9%, молиявий ва суғурта фаолиятида 28,6%, саноатда 27,5%, қурилишда 24,8% кузатилди.

2018 йил январь-март ойларида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан молиявий ва суғурта фаолиятида 79,2%га, ахборот ва алоқада 75,9%га, саноатда 49,6%га, ташиш ва сақлашда 35,8%га юқорини ташкил этган бўлса, аксинча соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 33,6%га, яшаш ва овқатланиш бўйича хизмарларда 25,8%га, таълимда 20,5%га республикадан камни ташкил этмоқда.

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўрадиган бўлсак, яъни ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 2 129,9 минг сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 137,6%), Навоий вилоятида 2 118,8 минг сўмни (136,8%) ва Тошкент вилоятида 1 686,7 минг сўмни (108,9%) ташкил этган бўлса, Наманган вилоятида 1 223,9 минг сўмни (79,0%), Самарқанд вилоятида 1 234,8 минг сўмни (79,8%) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.

Мавзуга оид