Ўзбекистон Республикасининг президенти Шавкат Мирзиёев “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини имзолади.

Ушбу Қонуннинг мақсади ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ўрмонлар асосан экологик (тупроқни муҳофаза қилиш, сувни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳамда бошқа табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, ҳимоя, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация) ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажаради.

Ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Барча ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади. Давлат ўрмон фонди:

давлат аҳамиятига молик ўрмонлардан, яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари тасарруфидаги ўрмонлардан;

бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборатдир.

Қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек бошқа дарахтзор ва бутазорлар;

темир йўлларнинг, автомобиль йўлларининг, табиий ва сунъий сув оқимларининг, сув ҳавзаларининг ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлар;

шаҳарлардаги ҳамда бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтзор ва бутазорлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар;

томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтзор ва бутазорлар.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, уларни парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўрмон билан қопланган ерлар, шунингдек ўрмон билан қопланмаган, аммо ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар ўрмон фонди ерлари деб эътироф этилади. Ўрмон фонди ерларининг чегаралари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.