Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон манзаралари хорижий кинорежиссёрларга реклама қилинади. Киносаноатдан даромад кўриш режалаштирилган
Ўзбекистонда жаҳон киночиларини республика ҳудудида фильм ишлашга жалб этиш билан шуғулланадиган махсус комиссия ташкил этилди. ЎзА хабарига кўра, унинг таркибига «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ёш кинематографлар кенгаши вакиллари киришади.
Комиссиянинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг табиий шароитлардаги съёмкалар учун имкониятларини тарғиб этиб мамлакатга инвестициялар жалб этиш, хорижий кинокомпаниялар ва маҳаллий киностудиялар ҳамкорлигида фильм ишлаб чиқарилиши ва янги иш ўринлари яратилишига эришиш ҳисобланади. Комиссия шунингдек, Ўзбекистонда ишланган кинокартиналар тарғиботида фаол қатнашиб, кинотуризм ривожига ҳисса қўшиши керак бўлади.
Хорижий кинорежиссёрларга республикадаги жозибадорликларни намойиш этиш учун алоҳида сайт очилган - uzbekistanfilmcommission.com. Бу ерда қадимий шаҳарлар - Самарқанд, Бухоро ва Хивага бағишланган махсус бўлим бор. Замонавий шаҳарлар бўлимига Тошкент шаҳри киритилган. Шунингдек, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонга оид ландшафт жойлар суратларидан тузилган иллюстрациялар жойлаштирилган.
Кинокомиссия май ойида ўтказиладиган Канн фестивалида Uzbekistan павильонини тақдим этади. Ўзбек киносини жаҳон кинобизнесида реклама қилиш учун ўзбекистонликлар Лос-Анжелесдаги Халқаро кинокомиссиялар ассоциациясига киришни режалаштирмоқда.
Хабар қилинишича, кинолойиҳаларда иштирок этиш орқали мамлакат бюджети катта даромад кўриши мумкин. Мисол сифатида, Шимолий Ирландия ўз ландшафтлари билан «Тахтлар ўйини» сериали ижодкорларини ўзига жалб этган ва улар бу ҳудудда бир неча йил давомида ишлашган. Бу вақт давомида Шимолий Ирландияда 2800дан ортиқ иш ўрни яратилган, туристлар оқими кескин ортган. Мамлакат хазинаси 206 миллион долларга бойиган.
Шунингдек, Янги Зеландия ҳам киносаноатдан катта маблағ ишлаб олган. «Узуклар ҳукмдори: Узуклар биродарлиги» лойиҳаси орқали орол давлат бюджетига 200 миллион доллар келиб тушган. Натижада, ушбу мамлакатда киночилик соҳасидаги янги имкониятларни ўрганиш учун алоҳида вазирлик тузилган.
Бундан аввалроқ япониялик таниқли режиссёр Киёси Куросава Ўзбекистонда янги фильмини олишга киришгани хабар қилинганди. режиссёр фильмни суратга олиш учун муносиб жойларни излаб, Ўзбекистон ҳудудини кўздан кечириб чиққан. Суратга олиш ишлари май ойида бошланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
18:20 / 04.07.2026
Тошкентнинг ҳар бир туманида 15-20 тадан жамоат ҳожатхоналари қурилади
17:59 / 24.06.2026
638 млн сўм - Ўзбекистондан ўтувчи ҳашаматли поездга чипта савдоси очилди
12:02 / 18.06.2026
“Шовқин ва чангдан зада бўлдик” – портлатиш ишлари туризм қишлоғига тинчлик бермаяпти
18:31 / 09.06.2026