Иқтисодиёт | 16:19 / 17.04.2018
9277
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон Ҳукуматлараро йиғилишида қандай масалалар муҳокама қилинди?

Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн иккинчи мажлиси Теҳрон шаҳрида, Эроннинг саноат, тоғ-кон саноати ва савдо вазирлиги ҳузуридаги савдони ривожлантириш ташкилотида бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Эрон Ислом Республикасига ташрифи доирасида «Ўзаноатехпорт» АЖ томонидан Ўзбекистон-Эрон савдо уйи очилди ва ҳар икки томоннинг расмий шахслари ва тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди. Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, форум натижасида, тўқимачилик, дуккакли маҳсулотлар ва қуритилган мева-сабзавотларни етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланган.

Икки мамлакатнинг Ҳукуматлараро йиғилиши доирасида Ўзбек ва Эрон бир қатор масалалар, шу жумладан, ҳар икки тарафдан чекланган товар позицияларини имтиёзли божхона билан таъминлайдиган икки томонлама савдо битимининг лойиҳасини муҳокама қилишди. Томонлар ҳужжат лойиҳасига қўшиладиган маҳсулотлар рўйхатини бир ой ичида тайёрлаш ва ўзаро алмашишга, шунингдек ўзаро келишилган муддатда навбатдаги музокараларни Тошкентда ташкиллаштиришга келишиб олишди.

Фото: Moj News Agency /Ramona Miriana
Фото: Moj News Agency /Ramona Miriana

Бундан ташқари, томонлар икки мамлакатнинг кичик ва ўрта бизнеслари ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа масалаларни ҳал қилишда ёрдам бера оладиган Ўзбекистон ва Эрон савдо-саноат палаталари иштирокида ўзбек-эрон Бизнес Кенгашини таъсис этишга келишиб олишди.

Кўриб чиқилган бошқа мавзулар орасида - икки томонлама олий даражадаги тадбирлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Эрон Божхона бошқармаси ўртасида электрон ахборот алмашинувини ривожлантиришга кўмаклашувчи Меморандум имзоланишига тайёргарлик кўришни қайд этиш мумкин. Ташаббуснинг асосий вазифалари: ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш жараёнида божхона жараёнларини соддалаштириш.

Фото: Moj News Agency /Ramona Miriana
Фото: Moj News Agency /Ramona Miriana

«Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг асосий йўналишларидан бири транспорт соҳасидаги ҳамкорликдир. Бизнинг вазифамиз - икки мамлакатнинг экспорт тузилмаларини ҳисобга олган ҳолда мавжуд транзит тарифларини Эронлик шериклар билан оптималлаштириш. Бу, ҳар икки томонга, жумладан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларнинг ҳам рақобатбардошлигини оширади», - таъкидлади Ўзбекистпн Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Шунингдек, Эрон Ислом Республикасига ташрифи чоғида «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон», «Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» ва Трансафғон йўлаги орқали транспорт коридорининг ишга туширилиши масалалари кўриб чиқилди. Эрон томони «Мафсир-Шариф-Ҳирот» темир йўлининг давоми бўлувчи «Хаф-Ҳирот» темир йўлининг қурилишини якунлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширши ҳақида хабар берди. Бу эса, ўз ўрнида, минтақадаги давлатлар ўртасида маҳсулотлар етказиб бериш нархи ва муддати қисқариши натижасида юк ташиш ҳажмининг ўсишига олиб келади. Шунингдек, Эрон томони Ўзбекистоннинг Ҳиротда ғилдираклар жуфтлигини алмаштириш учун станция қуриш бўйича таклифларини ўрганишга тайёрлигини билдирди.

 

Мавзуга оид