Қулф осилган ёки ошхонага айланган чойхоналар ҳақида ўйлар
Бу суратни Кастамонудаги 4 асрлик бинонинг ичидан олдим. Бу ерда чойхона фаолият юритади. Кишилар бу ерга овқатлангани эмас, айнан бир финжон чой ёки қаҳва ичиб, суҳбатлашгани келишади. Туркияда овқат маданиятидан алоҳида чой маданияти (çay kültürü) ҳам шаклланган.
Маҳаллалар, гузарларда кичкинагина курси ва хонтахта атрофида бир-бири билан суҳбат қилаётган кишиларни кўп учратасиз. Бу ер кафе ҳам эмас, ресторан ҳам эмас. Чой боғчалари дейилади (çay bahçesi). Туристларни жалб қилиш мақсадида тарихий биноларда (улар Туркияда ҳар қадамда) ҳам миллий колоритни намойиш қилувчи шундай чойхоналар фаолият юритади.
Маҳаллалар ичида бир қанча қироатхоналарни кўрдим. Бу маҳаллий кутубхоналарга халқ кириб, бир финжон чой ва қаҳва ичиб, китоб мутолаа қилади (янги дунёдаги Bookcafe‘ларнинг аслиятдаги кўриниши).
Шуларни кўриб, ўйлар эканман, бир неча йил олдин ёзган мулоҳазаларим ёдга тушди.
Яхши эслайман: Марғилондаги барча маҳалла гузарларида масжид, чойхона, новвойхона, қассобхона, сартарошхона ва дўкон бир жойда бўлар, маҳалла аҳли шу ерда йиғилиб, вақтини хуш ўтказарди.
Айниқса, маҳалла чойхонаси қарияларнинг йиғиладиган жойи бўлиб, улар масжиддан чиқиб, шу ерда ўтиришар, суҳбатлашар, газета ўқишар, бурчакдаги радиони тинглашар эди. Катта самоварда доимо сув қайнаб турар, чой эса деярли сувтекин. Гоҳида мени ҳам давраларига қўшиб, гўзал суҳбатларига шерик қилишар, баъзан китоб ўқиттириб, вақт ўтказилганди. Бир пайтлар бу ерда бедилхонлик, яссавийхонликлар бўлган, эски туркий-арабий китоблар ўқилган экан. Ўша пайтларда чойхонада қариялар кўп бўларди.
Иқтисодий шароитми ё яна бошқа сабабларми шаҳардаги чойхоналар аста-секин ёпилди ёки фаолиятини ўзгартирди. Бизнинг чойхона бир муддат емакхона бўлди, сўнг сомсахонага ижарага беришди, кейин картахона, теннисхона, ҳотдогхона бўлди… Ҳозир қулф осилган. Марғилондаги энг катта “Ханда” чойхонаси тўйхонага, унинг ёнидаги “Оталар чойхонаси” ошхонага айлантирилган.
Ҳозирда чойхона деганда буткул бошқа манзара тасаввур қилинади: сигарет ҳиди буруқсиган алоҳида хоналарда бир гуруҳ йигитлар хандон отиб карта ўйнайдиган, сўнгида ошпаз пишириб берган паловхонтўрани паққос тушириб, кекириб ўтирадиган жой.
Назаримда маҳаллаларда қариялар ҳам камдек. Менга қадрдон чолларнинг кўпи раҳматли бўлиб кетди. “Янги чоллар”ни фақат масжидда ва наҳорги ошларда учратасиз. Маҳалланинг тўрига кўрк бўлган чоллар тарихга айланди.
Эртага фарзандим чойхона ҳақида сўраб қолса, қайси вариантда жавоб бераркинман, деган ўйдаман.
Тавсия этамиз
Трамп 2.0 ўзгарган Яқин Шарққа нималар ваъда қилмоқда?
Жаҳон | 21:45 / 20.01.2025
3 га 90. Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ қандай кечмоқда?
Жаҳон | 20:11 / 20.01.2025
Халқаро танловда ғолиб бўлган президент мактаби ўқувчиларига BYD совға қилинди
Ўзбекистон | 19:59 / 20.01.2025
“Энг хавфсиз парвоз танланади” — Uzbekistan Airways осмондаги фавқулодда ҳолатларга тайёрми?
Ўзбекистон | 17:03 / 20.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп инаугурация маросимида: «АҚШ ҳукумати фақат икки жинсни тан олади»
Жаҳон | 03:50
-
The Guardian: Халқаро жиноий суд «энг ёмон сценарийга» тайёрланмоқда
Жаҳон | 00:50
-
Латвияда Россия фуқароларининг айрим соҳаларда фаолият юритиши тақиқланади
Жаҳон | 00:18
-
Эрон президенти Кремлда музокараларга кеч қолган Путинни кутишдан бош тортган
Жаҳон | 23:42 / 20.01.2025
Мавзуга оид
13:45 / 19.01.2025
Ўзбекистонликларни Туркияда фоҳишалик учун сотган аёл қўлга олинди
15:40 / 18.01.2025
Салкам 50 минг нафар ўзбекистонлик қариндошини йўқлаш мақсадида Туркияга борган
14:34 / 18.01.2025
Туркияда қалбаки алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 17 кишига етди
18:15 / 17.01.2025