Ўзбекистон | 20:43 / 20.04.2018
4844
3 дақиқада ўқилади

60 ёшли жанубий кореялик марафончи-ёзувчи Тошкентда бўлди

Фото: Кан Мюн Гуни /Корея Республикаси Таълим маркази

Тошкентда жанубий кореялик марафончи Кан Мюн Гуни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унинг 16 мамлакатдан ўтувчи 16 минг километрлик марафони тинчликни мустаҳкамлаш, Корея ярим оролини бирлаштириш ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган. 

Тошкентликлар марафоннинг Тошкентдан ўтган қисми - "Grand Mir" меҳмонхонасидан "Сеул" паркигача бўлган масофани сайёҳ билан бирга босиб ўтишди. 

Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У сайёҳни кутиб олиб, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлади ва бу мамлакатлар ўртасида дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланиши йўлида хизмат қилишини таъкидлади. "Ханбок" миллий кийимларидаги тадбир иштирокчилари қадимий "Ариран" халқ қўшиғини ва "Кангансулле" рақсини ижро этишди. 

Шундан сўнг Корея Республикаси Таълим марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Кан Мюн Гунинг айтишича, бугунга келиб у 13 мамлакатни ортда қолдирган бўлиб, Гаага, Берлин, Прага, Вена, Будапешт, Белград, Истанбул, Теҳрон, Баку, Ашхобод шаҳарларини босиб ўтган. Ўзбекистонга 11 апрелда келган ва юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Навоий, Чиноз, Янгийўл ва Тошкент шаҳарларида бўлган. 

Сайёҳнинг сўзларига кўра, бу унинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи ва у маҳаллий халқнинг очиқкўнгиллигидан катта таассурот олган.

"Мени ҳамма ерда табассум ва хурсандчилик билан қарши олишди: мен бу ерда яқинлар орасида ўзимни тўлиқ хавфсиз ҳис қилдим. Ўзбекистонга мафтун бўлдим, бу ерга яна қайтиб, янги китобимда меҳмондўст мамлакатдаги таассуротларим ҳақида ёзмоқчиман", - деди кореялик меҳмон.

Шунингдек у 60 ёшда бўлишига қарамай, пиёда саёҳат унга осон кечаётганини маълум қилган. У кунига 50 км масофани босиб ўтади ва дўстона қўллаб-қувватлашлар туфайли чарчаганини деярли ҳис қилмаган. 

Жанубий кореялик сайёҳ ўтган йилнинг сентябрида бошланган пиёда саёҳатини Тошкент шаҳридаги "Сеул" паркидан Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, КХДР томон ҳаракатланиб, давом эттиради. У ўз саёҳатини жорий йилнинг сентябрида тугаллашни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид