Жаҳон | 23:54 / 20.04.2018
10745
2 дақиқада ўқилади

АҚШ демократлари Россия, Трамп ёрдамчилари ва WikiLeaks’ни судга берди

АҚШ Демократик партияси миллий қўмитаси Россия, Дональд Трамп ёрдамчилари ва WikiLeaks’ни 2016 йилда АҚШда ўтган президент сайловларида тил бириктиришда айблаб, улар устидан кўп миллион долларлик даъво аризаси топширди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди. 

Даъво аризаси Манхэттен округ судига топширилган. Унда айтилишича, Трамп кампаниясининг юқори лавозимдаги вакиллари Россия ҳукумати ва унинг “жосуслик агентлиги” билан Трампни ҳокимият тепасига келтириш мақсадида тил бириктиришган. Айтилишича, улар буни яна бир номзод Ҳиллари Клинтонга зиён етказиш мақсадида Демократик партия компьютер тармоқларини бузиб кириб амалга оширишган. Шу билан бирга, Трампнинг ўзи бу даъво аризасида айбланувчи сифатида келтирилмаган.

Шикоятда таъкидланишича, Россия суд таъқибидан иммунитет ҳуқуқига эга эмас, чунки серверларнинг бузиб кирилиши бу “тижорат сири ва иқтисодий жосуслик мақсадида” шахсий мулкнинг бузилиши ҳисобланади. Партия, шунингдек, хакерлар томонидан етказилган зиён: сайловчилар билан мулоқот, хайрия маблағларини йиғиш ва самарали фаолият юритиш имкониятларининг йўққа чиқиши учун миллионлаб долларлар талаб қилмоқда.

“2016 йилги президент сайловлари кампаниясида Россия демократиямизга ҳужум қилган ва бунинг учун шай ва фаол шерик: Дональд Трамп кампаниясини топган”, деб айтди қўмита раиси Томас Перес. Унинг айтишича, ўзининг сайловлардаги ғалабаси имконини ошириш учун душман давлат билан бирлашиш мисли кўрилмаган сотқинликдир.

Трамп бир неча марталаб ҳеч қандай фитна бўлмаганини айтган. 

Мавзуга оид