Жамият | 23:40 / 21.04.2018
13557
3 дақиқада ўқилади

Навоийда бир кунда тўртта иншоот фойдаланишга топширилди

20 апрель куни Навоий вилояти, Навоий шаҳрининг “Жанубий” маҳалласида “Янги давр фарзандлари” номли давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги 14-нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Profi edicition” масъулияти чекланган жамияти раиси, тадбиркор Бектош Ҳотамов томонидан фойдаланишга топширилган ушбу муассаса 360 болажонга мўлжалланган бўлиб, бу ерда келажагимиз эгаларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Айниқса, кичкинтойларга ўз она тилидан ташқари рус ва инглиз тилларининг ўргатилиши ота-оналарни хурсанд қилмоқда.

Худди ана шундай яна бир мажмуа – барча қулайликларга эга 100 ўринли “Қалдирғоч” нодавлат мактабгача таълим муассасаси эса Кармана туманининг “Сардоба” маҳалласи ҳудудида очилди. Туман ҳокимлиги қўллови билан тадбиркор Мавлуда Муинова томонидан реконструкция қилинган масканнинг фойдаланишга топширилиши ҳудуддаги ота-оналар учун қувончли шодиёнага айланиб кетди.

Эътироф этиш жоизки, бугунги кунда вилоятда тиббиёт соҳасида хусусий секторни ривожлантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур тармоқ давлатимиз томонидан маънавий ва моддий қўллаб-қувватланаётгани ушбу йўналишда ўз имконият ва тажрибаларини ишга солишни ният қилган соҳа фидойиларини иҳомлантирмоқда.

Шу куннинг ўзида Навоий шаҳрида очилиш маросими бўлиб ўтган “Vagus” хусусий тиббиёт маркази фикримиз далилидир. Энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ушбу марказда банкнинг молиявий кўмаги билан 7 йил муддатга 2 миллиард 400 миллион сўм кредит эвазига замонавий жарроҳлик бўлими қад ростлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан тузилган нодавлат тиббиёт муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан эса 155 минг АҚШ долларига хориждан энг замонавий сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди.

Бунинг натижасида қўшимча 54 та иш ўрни яратилиб, барча жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилгани воҳа аҳолиси учун ўзига хос қулайлик яратиши табиий. Айниқса, тиббиёт марказига малакали мутахассисларнинг жалб этилгани, хусусан, хорижлик мутахассислар ва пойтахтимиздаги малакали шифокорлар ўртасида доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани аҳоли саломатлиги йўлида муҳим омил бўлади. Айни пайтда бу ерда икки нафар ҳиндистонлик жарроҳ фаолият юритмоқда.

Қадимий ва нурафшон Нурота туманида, хусусан ўзининг узоқ йиллик бой тарихий мероси билан маънавият сарчашмаси сифатида ном таратган “Чашма” тарихий мажмуаси ҳудудида замонавий меҳмонхона фойдаланишга топширилиши ҳам халқимиз бунёдкорлигининг амалий намунаси сифатида қад ростлагани билан эътиборлидир.

Бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юксак архитектура ва меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этиб, 9 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган 60 ўринли ушбу замонавий меҳмонхона ҳудуд аҳли учун муносиб туҳфа бўлди.

Мавзуга оид