Жамият | 13:31
1778
1 дақиқада ўқилади

Навоийда икки ўсмир чўмилишга бориб вафот этди

Навбаҳор туманида 15 ёшли икки ўсмир каналга чўмилишга бориб, вафот этди. Улар ток уриши оқибатида ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Навбаҳор туманида каналга чўмилишга борган икки ўсмир вафот этган. Навоий вилояти ФВБ ахборот хизмати ҳолатни Kun.uz’га тасдиқлади.

Бошқарма маълумотига кўра, 2 июл куни туш пайти туманнинг Янгиобод маҳалласида содир бўлган. 2011 йилда туғилган Р.Б. ҳамда А.С. чўмилиш мақсадида маҳалла ҳудудидан оқиб ўтган Конимех каналига борган. Кўп ўтмай сувдан уларнинг жасади топилган.

Қайд этилишича, ҳозирда Навбаҳор тумани ИИБ томонидан ўлим сабаби аниқланмоқда.

Kun.uz’ манбасига кўра, ўсмирлар ток уриши оқибатида вафот этган. Яъни, улар чўмилишга борган ҳудудда сувга ўрнатилган насосда носозлик юзага келган. Шу тариқа чўмилаётган ўсмирларни ток урган ва улар воқеа жойида ҳалок бўлишган.

Аввалроқ Сурхондарёда уч йигит сувга чўкиб ўлганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид