Ўзбекистон | 19:30 / 23.04.2018
28528
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти ташрифи муносабати билан Хоразмда ҳам «жонли йўлак» ҳосил қилинади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. 

24 апрель куни президентлар Хоразм вилоятига боришади. 

Қўшни давлат раҳбари Урганч туманидаги «Улли ҳовли» ёдгорлиги, Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуасига ташриф буюриши ва бошқа маданий тадбирларда иштирок этиши режалаштирилган.

Юқори мартабали меҳмонни қутлаш учун 30 мингдан зиёд хоразмликлар Урганч шаҳри ва туманига, шунингдек, Урганч - Хива йўли бўйига, хиёбонларга чиқишади. Олий ўқув юртлари ва коллеж ўқитувчилари, талабалари атлас ва адрасдан тикилган махсус кийимларда, гуллар билан уни байрамона кутиб олишади. 

Қўшни давлат раҳбарини кутиб олувчи ва кузатиб қўювчилар учун бир қанча қулайликлар яратилган. Хусусан, улар кутиб олиш ҳудудига яқин бўлган умумий овқатланиш нуқталарида сув, чой ва иссиқ овқат билан бепул таъминланади. Бундан ташқари, ҳар 100-200 м масофада био-ҳожатхоналар ҳам ишга туширилади.

Айни пайтда, Туркманистон президенти ҳаракатланадиган йўллар ҳар иккала давлат байроқлари, гуллар, чиройли тунги чироқлар билан безатилган. Маҳаллий артистлар ва раққосаларнинг чиқишларини таъминлаш учун чорраҳаларга махсус саҳналар барпо қилинган. Йўл бўйларида эса катта ўлчамдаги махсус электрон таблолар ўрнатилган бўлиб, унда ўзбек ва туркман халқларининг абадий дўстлиги, ҳар иккала давлатнинг ҳамкорлигини мадҳ этувчи видеороликлар намойиш қилиниши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни тонгида асосан ўқувчи ва талабалардан иборат минглаб ёшлар Гурбангули Бердимуҳамедовни кутиб олиш учун Тошкентнинг марказий кўчаларига чиқишганди.

Фото: Тошкент Туркманистон президенти ташрифи арафасида 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид