Спорт | 19:05 / 27.04.2018
33438
6 дақиқада ўқилади

Тўртта чемпионлик тикилган тўқнашувлар. Топ ўйинлар анонси

Европада мавсум якунига яқинлашгани сари бир қатор қизиқарли, чемпионликка таъсир қилувчи учрашувлар кўпаймоқда. Жорий ҳафтада ҳам худди шундай учрашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz анъанавий равишда уик-энднинг энг муҳим учрашувлари билан таништирди.

ИНТЕР – ЮВЕНТУС (28 апрель, 23:45)
«Ювентус» ўтган турда «Наполи»га ўз майдонида ютқазиб, вазиятни чигаллаштириб юборди. Энди туринликлар пешқадамликни сақлаб қолиш учун бирорта ҳам ўйинда мағлубиятга учрамасликлари керак бўлади. Аллегри жамоасининг сафар ўйинлари «Рома» ва «Интер»га қарши кечишини эътиборга олсак, вазият жуда жиддийлигини кўришимиз мумкин.

Бунинг устига, «Интер»га ҳам бу ўйинда очко сув ва ҳаводек зарур. Миланликлар 66 очко билан 5-ўринда боришмоқда ва кучли тўртликдаги Рим клубларидан атиги бир очко кам жамғаришган холос.

Таркибларга эътибор берсак, «Интер»да йўқотишлар йўқ. «Ювентус» таркибида Кьеллини ва мавсум охиригача сафдан чиққан Де Шильодан ташқари, Клаудио Маркизио ёрдамидан ҳам фойдалана олишмайди.

Миланда бўлиб ўтган сўнгги уч ўйинда «Ювентус» ғалаба қозона олмаганини эътироф этиш керак. Жамоаларнинг биринчи даврадаги тўқнашувида ҳам ҳисоб очилмаганди. 

МЮ – АРСЕНАЛ (23 апрель, 20:30)
Деярли бир йил олдин бу жамоалар «Эмирейтс»да тўқнаш келишган, ўшанда «Арсенал» кучли тўртлик учун курашаётган, «МЮ» эса, ЕЧЛ га айланма йўлдан, Европа Лигасида ғолиб чиқиш орқали боришга уринаётганди. Айнан ЕЛдаги «Сельта» билан ўйинлар билан овора бўлган «Манчестер Юнайтед» Лондонга аралаш таркиб билан келганди. 

Худди шу ишни бу сафар «Арсенал» қилиши мумкин. АПЛдан тамоман умидини узган Арсен Венгер кетиш олдидан кейинги тренерга ЕЧЛ йўлланмасини мерос қилиш учун Европа Лигасини ютиш керак. Афсуски, «Атлетико» билан биринчи ўйин жуда умидли бошланган бўлса-да, якунда испанлар учун жуда қулай ҳисоб қайд этилди. Демак меҳмонлар бу ўйинда кўпроқ Мадридга сафар ҳақида кўпроқ ўйлашлари табиий.

Шундай бўлса-да, бу ҳам катта ўйин. «МЮ» ҳали расман кучли тўртлик масаласини ҳал қилмаган, шунингдек, Моуриньо 2-ўринни олишга ҳаракат қилишини яширмаяпти.

Биринчи даврадаги ўйинда меҳмонлар ғалаба қозонишганди. Моуриньода орадан беш йил ўтиб, 2011/12 мавсумидаги Фергюсон сингари «Арсенал»ни бир мавсумда икки марта мағлубиятга учратиш имконияти бор.

Майли, ўйин қизиқ бўлмаса ҳам, Арсен Венгерни «Олд Траффорд»да қандай кутиб олишлари ва кузатиб қўйишлари жуда қизиқ бўлса керак.  

ДЕПОРТИВО – БАРСЕЛОНА (29 апрель, 23:45)
Бу ўйин турнир жадвалининг ҳар икки томонидан қараганда ҳам қизиқарли.

Биринчидан, агар «Барселона» бу ўйинда ҳеч бўлмаса 1 очко оладиган бўлса, 25-маротаба Испания чемпионига айланади. Эл Классикода мадридликлар «коридор» ваъда қилишмаган бўлишса-да, ўша ўйинни чемпион сифатида бошлаш Вальверде шогирдларига ёқса керак.

Иккинчидан, «Депортиво» 18-ўринда бормоқда ва катта эҳтимол билан лигани тарк этадиган бўлиб турибди. Ла-Коруньяликлар фақат «Леванте»га етиб олишлари мумкин холос – орадаги фарқ 9 очкони ташкил этмоқда. Агар бу турда ушбу фарқ катталашса, «Депортиво» расман Ла Лигани тарк этади. 

ГАЛАТАСАРОЙ – БЕШИКТОШ (29 апрель (21:00)
Бу ўйинни мавсумнинг финалига қиёслаш мумкин. Фақат бу финалда икки эмас, уч жамоа иштирок этади.

«Галатасарой» 63 очко билан турнир жадвалини бошқармоқда. «Бешиктош» ҳисобида 62 очко бўлиб, улар иккинчи ўринга жойлашишган. Тахмин қилиш мумкинки, ушбу ўйин ғолиби мавсум тугашига 3 тур қолганда яққол фаворитга айланади.

Дуранг ҳар икки жамоани қониқтирмайди, зеро 3-ўриндаги «Истанбул Башакшеҳир» ҳисобида ҳам 62 очко бор. Яъни дуранг Туркия суперлигасида янги пешқадамга сабаб бўлиши мумкин. Башакшеҳирликларнинг ўйини бу учрашувдан уч соат олдин бўлиб ўтади. Демак, ўйин бошланмасдан «Истанбул» турнир жадвалига пешқадамга айланиб олиши, бу икки рақиб эса, уларни қувиб ўтиш учун бир-бирини ютишга ҳаракат қилиши жуда қизиқ ва кескин кечса керак.

«Галатасарой» 6 ўйиндан бери «Бешиктош» билан дербида ғалаба қозона олмаётганини таъкидлаш керак. Декабрда ўтган сўнгги ўйинда ҳам «Бешиктош» 3:0 ҳисобида устун келганди.

КРАСНОДАР – ЛОКОМОТИВ (30 апрель, 21:00)
Душанба куни шунингдек, Россияда ҳам чемпион номи расман маълум бўлиши мумкин.

«Локомотив» Краснодарга сафар қилади ва у ерда ғалаба қозонса, «темирйўлчилар»га ҳеч ким ета олмайди. Ҳозирда Сёмин шогирдларининг ЦСКА билан ўртадаги фарқи 6 очкони ташкил қилмоқда. Орадаги фарқ йўққа чиқарилса ҳам, ўзаро ўйинларда «Локомотив» (3:1, 2:2) устунроқ. Россия чемпионати регламентида очколар тенг бўлиб қолса, аввало, шу кўрсаткичга қаралади. 
Ўз навбатида «Краснодар»га ҳам очко жуда зарур. Жамоа кучли учликка кириб, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда краснодарликларни 3-ўрин билан уч очко ажратиб турибди холос.

Ушбу стадиондаги сўнгги 2 ўйинда «Локомотив» бир хил – 2:1 ҳисобида устун келганди.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид