Ўзбекистон | 23:34 / 30.04.2018
49373
3 дақиқада ўқилади

Beeline 27 миллиард сўмлик жаримага тортилди

Фото: Beeline

26 апрель куни Равшан Рашидов бошчилигидаги Тошкент шаҳар хўжалик суди коллегияси Unitel (Beeline) компаниясининг апелляцион шикоятини рад этди. Суднинг биринчи инстанциясидаги Unitel'дан 26 млрд 939 млн 774 минг 632 сўм миқдоридаги жарима ундиришга доир қарори кучда қолдирилди.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йилнинг 14 августида қабул қилинган ва жорий йилнинг 1 июнида ўз кучини йўқотадиган 318-сонли қарорига асосан кўп миллиардли иқтисодий санкциялар қўлланган иккинчи ҳолатдир. 2017 йилнинг охирида Coscom (Ucell) мобил оператори 17 миллиард сўмлик жаримага тортилган эди.

Икки компания жарималари радиоалоқа нормативларига риоя қилинмаганлик учун белгиланган. Таъкидланишича, улар уяли алоқа операторлари бўла туриб, радиоалоқа хизматларини кўрсатишмаган. Beeline'да қайд этилишича, бу норматив провайдерларга нисбатан доим қўлланган.

Суд қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин Unitel вакили шундай деди: "2016 йилда бизнинг компаниямиз мобил уяли алоқа хизматларини тақдим этиш лицензиясини 2031 йилгача узайтирди. Бироқ ҳозир бизни хизмат кўрсатиш доирамизга кирмайдиган радиоалоқа мезонлари бўйича жавоб беришга мажбур қилишмоқда. Боз устига, мазкур ҳисобот шакли киритилган регулятор буйруғи ҳатто Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган, бу эса ўз-ўзидан мазкур ҳужжат асосида молиявий санкцияларнинг қўлланилишига йўл қўймайди. Биз буни инспекция томонидан қонунчиликни эркин талқин қилиш ва ўз регламентларини қўпол равишда бузиш ҳисоблаймиз".

Халқаро электр алоқа иттифоқи (БМТ тузилмаси) Unitel позициясини қўллаб-қувватлади ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига шу мазмундаги расмий хат йўллади. 

Beeline матбуот хизматидан "Газета.уз"га хабар берилишича, мазкур қарор устидан Олий судга шикоят қилиш, шунингдек халқаро инстанцияларга мурожаат қилиниши эҳтимолдан холи эмас.

Компанияда маълум қилинишича, ўтган йил охиридан бошлаб Beeline'нинг ташқи интернет-канали 10 Гбит/с'дан 25  Гбит/с'гача кенгайтирилган. Сўнгги йилларда шунингдек 1200 дан зиёд янги базавий станциялар ишга туширилган.

"Beeline шиддат билан ривожланаётган бир вақтда регулятор томонидан қўллаб-қувватланиш ўрнига суд даъво аризаларини олмоқда. Шубҳасиз, бундай баҳсли айбловлар бўйича бюджетдан бу қадар йирик суммаларни олиш камида инвесторлар капитали ўсишига тўсқинлик қилади", - дея изоҳ берилди Beeline компаниясида.

Мавзуга оид