Ўзбекистон | 21:27 / 02.05.2018
71897
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва терроризм: вайронкор ғоялар қандай ёйилмоқда?​

Фото: Elyor Nematov

​Терроризм ва Ўзбекистон нақадар йироқ тушунчалар бўлса-да, 2016 йилдан буён Европа ва АҚШда юз берган бешта шов-шувли террор ҳаракатларини айнан ўзбекистонлик шахслар амалга оширди. Минг афсуски, 2016 йил июнда Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропорти ва янги йил кечаси Рейна тунги клубида юз берган ҳодисалар кўплаб кишиларнинг умрига завол бўлди. Мос равишда 41 нафар, сўнгра 39 нафар кишининг ёстиғини қуритган воқеалардан сўнг, Стокҳолм, Санкт-Петербург ва Нью-Йорк шаҳарларидаги терактларда 28 нафар киши ҳалок бўлди.

Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон Республикаси аҳолиси қўшни мамлакатлар билан солиштирганда, минтақада энг катта халқ ҳисобланади. Мамлакат жанубида Афғонистон билан умумий чегара ҳудуди мавжуд. Ғарб матбуоти пост-Совет маконида ривожланаётган Ўзбекистонни узоқ йиллардан бери авторитар тартибда бошқарилган давлат сифатида кўриб келган. Аслида вазият қандай? Наҳот, ғарбнинг диний сиқувлар борасидаги дашномлари рост?

Ички аҳвол Ўзбекистонда ҳозир қандай эканлиги - унинг босиб ўтган 25 йиллик тарихи ва биринчи президент Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Гап шундаки, ҳукумат наздида мустақилликка эндигина қадам қўйган янги Ўзбекистон олдида кўплаб ташқи таҳдидлар пайдо бўлганди. Масалан, Афғонистон масаласи ва бу ерда фаолият олиб борган ЎИҲ шундай таҳдидлар сирасига киритилган. Мана шундай хавфлардан ҳимояланиш вазифаси қанчалик уддаланди, бунга баҳо бериш қийин, аммо ҳимоя қилиш услуби «қаттиқ полиция» сиёсатини етиштиришга имкон яратди.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ўтган даврда асоссиз равишда ваколати кенгайиб кетган, кези келса, «столбани ҳам қамаган» ташкилот фаолиятини тартибга келтиришга, давлатда порахўрлик ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишини маълум қилди. Ўтмишда судланганлик тамғаси «босилган» кишилар, диний ёхуд сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбуслар озодликка чиқарилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Аммо, бир вақтнинг ўзида амалдаги ҳукуматни ағдаришга уриниш, Конституцион тузумга тажовуз қилиш каби жиноятларни амалга оширганликда айбланиб журналист Бобомурод Абдуллаев, блоггер ва ўқитувчи Ҳаётхон Насриддинов, икки нафар ишбилармонларга нисбатан суд иши юритилмоқда. Шу билан бирга, Гўзал Тўхтахўжаева ва унинг қариндошлари устидан олиб борилаётган суд иши ҳам жамоатчилик диққат марказида бўлмоқда. Хуллас, содда тилда «159», «244» тарзида оммалашган айбловлар мунтазам учраб турибди. 

Ички ижтимоий ҳолатнинг энг оғриқли нуқтаси - ишсизлик. Бундан ташқари, орттирилган бойликларнинг нопропорционал тақсимоти, солиқ тизимининг ислоҳотларга муҳтожлиги, коррупция - жамиятда аҳоли турмуш даражасини кескин фарқланишига имконият яратган. Шу туфайли, ишсиз оила вакиллари хорижий давлатларга чиқиб ишлашни, жумладан Қозоғистон, Россия, Туркия, Жанубий Корея ва БААга бориши афзал билади. Чет элда бўлган айрим меҳнат муҳожирлари тақиқланган диний гуруҳларга бирлашиб, кескин талқин этилган ижтимоий нотенгликлар ғояси билан жанговар гуруҳлар сафига бориб қўшилмоқда. Гуруҳга янги аъзолар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаол қидирилади, мос номзодлар билан алоҳида «тозалаш» олиб боришади.

Ижтимоий танглик ҳолатидан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг терроризм ва экстремизмга қарши курашда танлаган усули самара бериш ўрнига, ички исённи уйғотиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп ҳузурида Миллий Хавфсизлик Кенгашида Европа ва Россия масалалари бўйича етакчи директори лавозимида ишлаётган Фиона Ҳилл 2003 йил Конгресс олдида нутқ сўзлаб шундай деганди:

Репрессия ва таъқиблар мавжуд ижтимоий ҳамда сиёсий муаммоларни чуқурлаштиради, маҳаллий ва халқаро майдонда ҳукуматни обрўсизлантиради. Аҳолининг расмий муассасаларга шубҳасини кучайтиради. Ўзбек сиёсий режимининг нохолис ёндашуви туфайли кўплаб мўътадил, диний мотивга эга бўлмаган диссидентларга экстремизм шаъмаси билан қаралганини тасаввур қилиш қийин эмас...

Кўтарилган масаланинг учи айланиб-ўргилиб, ўзимизга тақалмоқда: экстремизм ва терроризмга қарши курашда психологик, ижтимоий жиҳатдан синиқ характер эгаларини таъқиб этиш, тергов-суриштирувнинг нотўғри ёндашуви аслида йўқ бўлган террористни яратишга имкон бермоқда. Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар замирида иш ўринлари кўпаяр, аҳоли даромади секин-аста кўпайиши мумкин, аммо улардаги расмий ташкилотларга бўлган ишонч ҳадик аралаш сақланиб қолиши ижобий натижаларга олиб келмаслиги аниқ.

Алишер Рўзиохунов
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид