Росфинмониторинг тузадиган "террорчилар ва экстремистлар" рўйхатига Россиянинг собиқ бош вазири Михаил Касянов ва иқтисодчи Сергей Гуриев киритилди. Рўйхат навбатдаги марта тўлдирилгани ҳақида идора 17 ноябр куни ўз сайтида хабар берди. Шу куни мазкур рўйхатнинг "Қўшилганлар" бўлимида жами 24 та фамилия қайд этилган бўлиб, бутун рўйхат бўйича эса 19 131 нафар жисмоний шахс ва 823 та ташкилот мавжуд.
Ҳам Касянов, ҳам Гуриев Россиядан кетиб бўлган, иккаласи ҳам бундан олдин "чет эл агентлари" деб эълон қилинган ва "Россия Урушга қарши қўмитаси" таркибига киради. Унинг аъзоларига нисбатан октябр ойида "ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш" ва "террористик жамоа ташкил этиш" моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.
Михаил Касянов 2000 йил майидан 2004 йил февралигача Россия ҳукуматини бошқарган, унгача эса Молия вазирлигига раҳбарлик қилган. 2010 йилда у Борис Немцов, Владимир Рижков ва Владимир Милов билан биргаликда "Қонунбузарлик ва коррупциясиз Россия учун" коалициясига асос солган. Кейинчалик у "Халқ эркинлик партияси"га (ПАРНАС) айланган, 2023 йил май ойида эса Олий суд қарори билан тугатилган.
Сергей Гуриев 2004–2013 йилларда Россия Иқтисодий мактабининг ректори бўлган. 2013 йил бошида у "ЮКОСнинг иккинчи иши" доирасида сўроққа чақирилган, уйида тинтув ўтказилган, шундан сўнг Гуриев Францияга жўнаб кетган.











