Ўзбекистон | 12:43 / 04.05.2018
5295
3 дақиқада ўқилади

“Ақлли тиббиёт” тизими бўйича Туркия тажрибаси ўрганилади 

Фото: Fotolia

Инновацион ривожланиш вазирлигида  Туркиянинг “Akgun Group” компанияси вакиллари ҳамда тиббиёт ходимлари билан тажриба алмашиш  ва ҳамкорлик ишларини давом эттириш мақсадида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Учрашувда  “Ақлли тиббиёт” концепциясини амалга ошириш учун ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, барча тиббий муассасаларни зарур ускуна, техник жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар “Ақлли тиббиёт” концепциясини барча даволаш-профилактика муассасаларида жорий этиш, тегишли тиббиёт муассасаларида ахборот технологиялари бўйича мутахассис штат бирликларини яратиш вазифаларини амалга ошириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

“Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббиёт ахборот маркази” концепцияларини ишлаб чиқиш учун  Инновацион ривожланиш Вазирлиги қошидаги ишчи гуруҳ – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 6 нафар мутахассиси Туркия тажрибасини ўрганиш учун май ойида Анқарага ташриф буюриши кутилмоқда. 

Маълумот сифатида айтиб ўтиш лозимки, Инновацион ривожланиш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги қарорида “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббиёт ахборот маркази” концепцияларини яратиш ва жорий этиш бўйича вазифалар юклатилган эди. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш Вазирлиги қошидаги ишчи гуруҳга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ходимлари киритилган. 

“Ақлли тиббиёт” тизими шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини беради. Шифокор қаерда бўлишидан қатъи назар, бемор саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлардан хабардор бўла олади.

“Ақлли тиббиёт” йирик лойиҳа бўлиб, уни амалга ошириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги ҳамкорлигида иш олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид