Жамият | 11:58 / 04.05.2018
10844
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда карп балиқларини етиштириш мавзусида семинар ўтказилди

Тошкент давлат аграр университетида Хитойнинг «Хэйлунцзян балиқчилик илмий-тадқиқот институти» олимлари иштирокида Хитой технологияси асосида карп балиқларини етиштириш мавзусида семинар ўтказилди.

Балиқчилик тармоғи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш тўғрисида давлат раҳбари томонидан томонидан 2017-2018 йилларда бир нечта қарор қабул қилинди.

Жумладан, 2018 йил 6 апрелда «Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3657-сонли Президент қарорида ҳам ушбу йўналишда бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Бугунги кунда балиқчилик соҳасидаги муаммолардан бири бўлган кадрлар етишмаслиги инобатга олиниб, Тошкент давлат аграр университетида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб балиқчилик соҳаси йўналишида бакалаврларни тайёрлаш бўйича қабул квотасини камида икки баробар ошириш ҳамда магистратура курсини (6 нафардан иборат) ташкил этиш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, балиқчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ўзимизда жорий этиш бўйича ҳам бир қатор топшириқлар белгилаб берилган.

3 май куни Тошкент давлат аграр университетида Балиқчилик йўналишида таҳсил олаётган 1-босқич талабалари ва бошқа балиқчилик соҳасига қизиқадиган талабалар учун Хитойнинг Хэйлунцзян балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари профессор Ху Вей ҳамда профессор Гуо Ҳу иштирокида «Хитой технологияси асосида интенсив усулда карп балиқларини етиштириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинарда профессор Ху Вей Хитой технологияси бўйича интенсив усулда карп балиқларини инкубация қилиш, озиқлантириш ва балиқ етиштириш бўйича маъруза қилди.

Семинар қизиқарли руҳда ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан профессор Ху Вейга мурожаат қилишди. Профессор Ху Вей келгуси ўқув йилидан ўзбекистонлик 5 нафар талабани «Хэйлунцзян балиқчилик илмий-тадқиқот институти»га ўқишга қабул қилиш тўғрисида келишув имзоланаётгани ва бундан жуда хурсанд эканлигини билдирди», дейилган университет матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид