Иқтисодиёт | 11:25 / 22.09.2025
2936
2 дақиқада ўқилади

Испания Ўзбекистонда балиқ етиштириш бўйича биринчи кластерни очиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испаниянинг Feeding Systems S.L. компанияси асосчиси ва техник директори Франциско Вилор билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Музокаралар чоғида испан компанияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш суръатлари, мамлакат ҳамкорликка очиқлиги, жумладан, иқтисодиётнинг янги тармоқларини яратиш бўйича ишларни юқори баҳолади.

"Ўзбекистон билан балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу тармоқларни оқилона ривожлантиришга хизмат қиладиган, экспортга йўналтирилган ривожланишга хизмат қиладиган ноёб технология ва ускуналарини ўртоқлашишдан манфаатдормиз", деди Франциско Вилор.

У, шунингдек, балиқ фермасини лойиҳалашдан тортиб балиқ маҳсулотларини озиқлантириш, қайта ишлаш, музлатиш ва экспортга тайёрлашгача бўлган бутун циклни қамраб олувчи янада кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Элчи Фаррух Турсунов айрим жиҳозлар бутловчи қисмларини тўғридан тўғри Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш таклифини билдирди. Бу харажатларни сезиларли даражада камайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва технологик модернизацияни жадаллаштириш Бу, ўз навбатида, Ўзбекистондан техника ва технологияларни экспорт қилиш имконини беради.

FFF технологияларини чорвачилик ва паррандачиликда ҳам қўллаш мумкинлигини ҳисобга олсак, мамлакатимизда тегишли техника ишлаб чиқаришни янада йўлга қўйиш агросаноат соҳасида қўшни ва МДҲдан ташқари давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтиришда янги истиқболларни очади.

Ўзбекистонда балиқчилик тармоғини ривожлантириш давлат даражасида устувор вазифа экани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон президентининг "Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кластер усулларини жорий этиш, янги фермер хўжаликларини ташкил этиш, муҳим имтиёзлар бериш бўйича стратегик чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Мазкур ҳужжат соҳага сармоя жалб этиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш, иш ўринларини яратишга замин яратди.

Музокаралар якунида компания бир ой муддатда йилига 1000 тоннагача балиқ етиштириш бўйича биринчи кластер лойиҳасининг концепциясини тайёрлаб, Ўзбекистон ҳудудларида тақдимотини ўтказиши юзасидан келишувга эришилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид