Ўзбекистон | 01:31 / 08.05.2018
3766
3 дақиқада ўқилади

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Huawei янги технологияларни жорий қилади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Huawei компанияси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Тараққиёт стратегияси маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлат органлари вакиллари учун Хитойга навбатдаги ташриф ташкил қилди. Ташрифдан мақсад инновацион технологиялар ҳамда давлат органлари бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар билан танишишдир.

Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ташрифнинг биринчи куни делегация вакиллари Хунан вилояти маркази бўлмиш Чангша саноат шаҳрига етиб келдилар. Шаҳар тўртта асосий саноат зоналарига бўлинган бўлиб, у ерда учта илмий-технологик тадқиқотлар маркази ва бешта инновацион технопарк жойлашган. Мазкур марказ ва технопаркларда фаолият юритадиган 20 мингта компаниянинг умумий йиллик обороти 60 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Юртимиз вакиллари «Юқори технологик Чангша индустриал зонаси»ни томоша қилишаркан технопарклар фаолияти, ишлаб чиқарилаётган янги технологиялар, қишлоқ хўжалигидаги, жумладан, уруғчилик бўйича инновациялар, биотиббиётга доир ишланмалар, энергия иқтисод қилувчи кашфиётлар, илмий-тадқиқот институтлар фаолияти, патентланган ихтиролар ва бошқа янгиликлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

Чангша индустриал зонаси раҳбарлари билан музокаралар чоғида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Умаров Ўзбекистонда технопарклар, инновацион марказлар ва илмий-тадқиқот институтларини очишга кенг имкониятлар яратилаётганини ва бу борада хитойлик мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

«Ўзбекистон Хитой халқаро институтлари, илмий бирлашмалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, енгил ва оғир саноат, энергетика каби соҳаларга иннновацион ечимлар ҳамда технологияларни жорий қилиш бўйича хитойлик мутахассисларни биргаликда фаолият юритишга расман таклиф қиламиз», — деди Бахтиёр Умаров.

Ўз навбатида мезбонлар «ақлли шаҳар», «самарали энергия тежаш», «хом ашёни қайта ишлаш», «ақлли қишлоқ хўжалиги», «телекоммуникация» сингари концепцияларга жорий этиш мумкин бўлган биргаликдаги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни назарда тутадиган баённомани имзолашга розилик билдирдилар. Телекоммуникация ва инновацион ечимлар бўйича Хитойнинг энг илғор корхоналаридан саналадиган «Huawei» и «Waison» компаниялари мазкур лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш ва технопаркларни яратишда иштирок этади.

Томонлар ушбу ҳамкорликдан мақсад — икки мамлакат илмий жамоатчилигини биргаликдаги фаолияти ва ҳаракатлари туфайли янги технологиялар ва ечимлардан фойдаланган ҳолда товар айирбошлаш имкониятларини кенгайтириш эканлигини таъкидлади.

Делегациянинг, шунингдек, Шенжен шаҳрига ташрифи ҳам режалаштирилган бўлиб, у ерда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамжиҳатлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид