Жамият | 23:59 / 09.05.2018
40666
5 дақиқада ўқилади

Қандай тоифадаги аёлларга арзон уй-жойлар берилади?

Фото: Fotolia

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2-февралдаги Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ( ПФ-5325-сонли) номли Фармонида ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолатда кўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгиланган эди. 2018 йил 12 апрель Вазирлар Маҳкамасининг 285-сонли “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорида ўз аксини топди. Қарорга келадиган бўлсак, ёрдамга муҳтож аёлларга арзон уй-жойлар бериш тартибини белгиловчи Низом тасдиқланди.

Қонундаги энг муҳим тушунчаларга қандай изоҳ берилган?

Арзон уй-жойлар деганда, дастурлар доирасида қўшимча муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма билан комплекс ҳолда қурилган кўп қаватли кўп хонадонли (2 ва 3 хонали) ва майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли (2 ва 3 хонали) уйларга айтилади.

Кам таъминланган оила тушунчасига қуйидагича изоҳ берилган: “Ойлик жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила.”

Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар: оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашган муҳтож оналар.

Инжиниринг компаниялари дастурлар доирасида арзон уй-жой қуриш учун уй қурувчи билан тузилган шартнома бўйича буюртмачи функциясини бажарувчи “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “ Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари ҳисобланади.

Ҳужжатлар қандай тартибда қабул қилинади?

Қарорга асосан ҳар бир жойда ҳудудий комиссиялар фаолият кўрсатади. Ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун Комиссия раисига сўровнома-ариза ва ҳужжатларни тақдим этади. Аризанинг нусхасига қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилиб, тилхат билан аризачига топширилади. Ҳужжатлар тегишли тартибда 15 кун муддатда кўриб чиқилади.

Комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;

б) бошқа оила(оилалар)  билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;

в) кўпболалилик ( уч ва ундан ортиқ);

г) ариза берувчи оиласининг даромади;

д) ижтимоий хусусиятга кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар ( туман бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида);

е) ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

ж) уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв.метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв.метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги.

з) биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар;

и) ёлғиз ўзи Низомда назарда тутилган оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида).

к) кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларини тарбиялаётган аёллар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

Тавсия олган шахс якуний босқичда нима қилиши керак?

Ёзма тавсияни қўлга киритган шахс ипотека кредити олиш имкониятига эга бўлади. Инжиниринг қомпаниясининг филиали билан дастлабки шартномаларни тузган талабгорлар иштирок этувчи тижорат банкининг тегишли филиалига ипотека кредити бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қиладилар.

Ипотека бериш тартиби тегишли ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади. Шу билан биргаликда талабгор кам таъминланган, доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитга лаёқати етарли бўлмаган тақдирда, у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонун тақиқламаган бошқа манбалар ҳисобига ипотека олиши амалга оширилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид