Ўзбекистон | 20:22 / 10.05.2018
79782
3 дақиқада ўқилади

Уч опа-сингил ўлими билан боғлиқ иш. Жабрланувчи нимадан хавотирда?

Жорий йилнинг 26 апрель санасида жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида уч опа-сингил ўлими билан боғлиқ иш бўйича қўшимча ажрим чиқарилган. Ажрим орқали экспертлар таркибига ўзгартириш киритилгани ҳақида Kun.uz сайтида хабар берилган эди.

2017 йилнинг 8 ноябрида Тошкентнинг Олмазор тумани Тансиқбоев-3 даҳасида истиқомат қилувчи оиланинг 4, 6 ва 8 ёшда бўлган уч фарзанди бир кунда кетма-кет вафот этганди. 

Қизалоқлар ўлими ҳақида дастлаб пайдо бўлган хабарларда улар вафоти арафасида табиб тайёрлаб берган дамлама ичгани, бундан ташқари, қийма кабоб тановул қилиб, кейинроқ оғриқ қолдирувчи дори истеъмол қилгани — ўлим сабаблари сифатида айнан шу ҳолатлар кўрилаётгани таъкидланган эди.

Кейинроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти опа-сингил Қосимоваларнинг ўлимига дори воситаларининг нотўғри берилгани сабаб бўлганини маълум қилди.

Бугун, 10 май куни экспертлар жамоаси суд залига йиғилди. Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексининг 68-моддасида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлар тушунтирилди. Экспертиза қонунан, адолатли, тўлиқ ва холис амалга оширилиши кераклиги таъкидланди. Экспертиза жараёни ўтказиш даврида бирор бир ташкилот уларнинг фаолиятига аралашиши мумкин эмаслиги, агар шундай ҳолат юз берса босим ўтказишга ҳаракат қилган ташкилот қонун олдида жавоб бериши айтиб ўтилди. 

Мазкур иш бўйича ҳукм ўқилиши жараёнида барча оммавий ахборот воситалари, шу билан бирга президент матбуот хизмати ҳам қатнашиши режалаштирилаётгани таъкидланди.

Шу ўринда бир маълумотни бериб ўтишни жоиз топдик. Жорий йилнинг 8 май санасида жабрланувчи З.Мўминов Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси, ДХХ, Бош прокуратура, Олий Мажлис каби ташкилотларга мурожаат қилиб аввалги экспертларнинг нообъектив хулосалари, Эпидемология, микробиология ва юқумли касалликлар клиникаси шифокорлари ва анестезиолог-реаниматолог Х.Гиясовнинг ҳаракатлари тергов жараёнида тўлиқ баҳоланмаётгани ҳақида важ келтириб, улардан амалий ёрдам сўраган. 

Мурожаатда бир вақтлар Х.Гиясовнинг отаси Республика Суд-тиббий экспертиза Бош бюросида бошлиқ сифатида фаолият юритгани, ҳозирда Врачлар малакасини ошириш институтида Суд тиббиёт кафедраси мудири лавозимида ишлаб келаётгани айтилган ва шу сабабли жабрланувчи экспертларнинг ҳақиқий имкон бермаслигидан хавотирда экани айтиб ўтилган.

Шу билан бирга, Х.Гиясов тергов вақтида сўроқ қилинганда, аттестациядан ўтмаганини таъкидлаган. Лекин кейинроқ, 2016 йилда аттестациядан ўтгани ҳақидаги маълумот пайдо бўлиб қолган. Жабрланувчи юқоридагиларни асос қилиб мутасадди ташкилотлардан амалий кўмак сўраган.

Мазкур мурожаатларнинг натижаси бўйича тез орада сайтда хабар берилади.

Зафарбек Солижонов

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид