Жаҳон | 10:00 / 14.05.2018
3257
2 дақиқада ўқилади

Ироқда парламент сайловлари. Унда амалдаги бош вазир партияси етакчилик қилмоқда

© РИА Новости / Рафаэль Даминов

Ироқда бўлиб ўтган парламент сайловларида мамлакатнинг амалдаги бош вазири Ҳайдар ал-Ободий томонидан бошқариладиган «Наср коалицияси» сайлов блоки етакчилик қилмоқда.

«Биз Ироқ бўйлаб устунлик қилмоқдамиз. Бағдодда ҳам, Мўсулда ҳам, бошқа йирик шаҳар ва вилоятларда ҳам кўпчилик овозларга эга бўлдик», деган РИА Новости манбаси.

Sky News Arabia телеканали хабарига кўра эса, «Наср коалицияси» янги парламентдаги 329 мандатдан 65та ўрин олади. «Ал-Арабия» телеканали маълумотига кўра эса, бу ўринлар сони 60тани ташкил этади.

Иккинчи ўринни шиалар орасида катта таъсирга эга бўлган, Муктадой ас-Садр томонидан бошқарилувчи «Саирун» коалицияси эгаллаши кутилмоқда (51 ўрин).

Шанба куни Ироқнинг асосий қисми ИШИДдан озод этилганидан кейин мамлакатда илк марта парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сайловда давомат 44,52 фоизни ташкил этган, бу эса сайловда 10,7 миллион киши иштирок этганини англатади.

Сайлов натижалари бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Ироқ олий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда янги депутатларни сайлаш ҳуқуқига эга сайловчилар сони 36 миллионлик аҳоли орасидан 24 миллионни ташкил этади. Сайлов пойгасида 29та сайлов блоки иштирок этди, бу блоклар 200га яқин турли сиёсий партияларни бирлаштирган. 329 мандат учун 7 мингга яқин номзод даъвогарлик қилди.

Сайловда ғалаба қозонган коалиция кейинги 4 йил давомида мамлакатни бошқарадиган ҳукуматни шакллантиради.

Мавзуга оид