Ўзбекистон | 11:56 / 14.05.2018
3317
5 дақиқада ўқилади

ННТнинг тадбирларни келишиш тартиби бу ҳақида хабардор қилиш билан алмаштирилади

Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан жорий йилнинг 4 май куни “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Фармон билан бевосита Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилиб, ушбу кенгашга фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида бевосита Ўзбекистон Республикаси президентини мунтазам равишда хабардор қилиш ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қулай шароитлар яратиш юзасидан президентга таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Фармонда ННТ фаолиятига доир камчилик ва тўсиқларни бартараф қилиш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб янгича тартиблар ўрнатилиши қайд қилинди.

Хусусан, ННТга маълум даражада қийинчиликлар келтириб чиқаришга сабаб бўлиб келаётган ННТнинг тадбирларни келишиш тартиби бу ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилди.

Шу билан бирга, бу соҳадаги ортиқча қоғозбозликни тугатиш мақсадида 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:

ННТни ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш;

ННТнинг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш;

ННТнинг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлари;

ННТ томонидан чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш электрон тарзда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, ННТ томонидан пул маблағлари ва мол-мулкдан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида ННТга Хорижий субъектлардан келиб тушган пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш бўйича (рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг) барча тўсиқларни олиб ташланади.

Шунингдек, ННТга ҳар қандай банк хизматларини кўрсатиш бўйича ўзларига маъқул ва қулай бўлган банкнинг хизматидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида ННТга хорижий грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушишига рухсат берилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ишчи-ходимларга ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз миқдорида қўлланилиши ННТга ҳомийлик ва аъзолик бадалларидан келиб тушадиган пул маблағларини аниқ манзилли етказилишида узилишларга сабаб бўлаётган эди.

Шунга кўра, фармон тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорга туширилиши назарда тутилди.

Амалдаги “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун талабларига кўра жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши
ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим эди.

Бу эса, фонд томонидан ходимларини фонд уставида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишдаги меҳнатларини рағбатлантиришда маълум қийинчиликлар келтириб чиқарар эди.

Шу муносабати билан, Фармонда жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 20 фоизидан 30 фоизига оширилиши белгилаб берилди.

ННТнинг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланиши каби имкониятлар амалиётга жорий қилинади.

Фармон билан ННТнинг энг асосий муаммоларидан бири бўлган бино масаласи “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш орқали янгича усул билан ҳал қилиш белгилаб берилди.

Мазкур “Уйлар”даги хоналар ННТга ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, фармонда бугунги кунга қадар эътибордан четда қолаётган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан олиб борилаётган ўзига хос меҳнатни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш белгилаб қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ННТнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган. Бундан кўзланган мақсад уларнинг янада самарали фаолият олиб боришларини таъминлашдан иборат.

Адлия вазирлиги масъул ходими

Ж.Узаков

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид