Ўзбекистон | 20:00 / 15.05.2018
94232
4 дақиқада ўқилади

«Иккичилар воқеаси» ортидан яна бир мактабда директор ва ўқитувчилар ишдан кетди

Кейинги кунларда интернетда Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 5-мактабнинг Муборак исмли ўқитувчиси томонидан дарсни ўзлаштирмаган 1-синф ўқувчиларининг пешонасига ручка билан «2» рақамини катта қилиб ёзгани кўрсатилган сурат тарқалди.

Фото: Facebook

14 май куни Бекобод шаҳри прокуратураси Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ушбу ҳолат юзасидан текшириш бошлади.

Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиққан.

Вазирлик матбуот хизматининг «Kun.uz»га маълум қилишича, воқеа шу йилнинг май ойи бошида Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг 1-«Ж» синфида содир бўлган. Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан муассасада хизмат текшируви ўтказилиб, ўқувчиларнинг камситилишига йўл қўйгани учун барча масъул ходимларга тегишлича чора кўрилган.

Хусусан, муассасада ўқувчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши, уларнинг қадр-қиммати камситилишига шароит яратиб бергани, мактабда назоратни издан чиқариб, таълим-тарбия жараёнини қониқарсиз ҳолатга келтиргани, ўзининг лавозим мажбуриятларини қўпол равишда бузгани учун мактаб директори Д.Бабамуратова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, қатор хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари Ҳ.Раззоқова, Г.Байматова, О.Абдуллаева, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлар И.Мўминов, М.Рўзиева ҳамда педагогга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлари, ўз ўқувчисининг камситилишига йўл қўйгани учун бошланғич синф ўқитувчилари С.Раҳмонова ҳамда М.Ҳамдамова билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Шунингдек, ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани, тасарруфидаги таълим муассасаларида ўқув жараёнларини назорат қилмагани учун Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими мудири М.Қўзибаевга «ҳайфсан» берилган, Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими маънавий-маърифий тарбия ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича шўъба мудири Н.Мусакова эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашиб, улардан бўлган воқеа учун узр сўраган.

«Мазкур ҳолат тизимдаги барча таълим муассасаларида педагоглар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Воқеа юзасидан аниқланган хато ва камчиликларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумот киритилди.

Халқ таълими вазирлиги ҳар бир ўқувчининг бепул ва сифатли умумий ўрта таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз таъминланишига кўмаклашади ва ўқувчи ҳуқуқлари бузилишининг ҳар қандай кўринишига нисбатан қатъий чора кўради. Шу ўринда, вазирлик ота-оналар ва жамоатчиликдан таълим-тарбия жараёнларида фаол бўлишни сўраган ҳолда ҳамкорликка доим тайёрлигини маълум қилади», дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Апрель ойида Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги Автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежининг биология фани ўқитувчиси ўқувчи оёқ кийими билан калтаклангани видеоси тарқалгач, ўтказилган текширувлар натижасида ўқитувчи ишдан кетганди.

Мавзуга оид