Синов, дуо, ҳақиқат...
«Бас, қачонки инсонни зарар тутса, Бизга дуо қилур. Сўнгра унга Ўзимиздан неъмат берсак, «Албатта, бу менга илмим туфайли берилди», – дер. Йўқ! У синовдир. Лекин уларнинг кўплари билмаслар». Зумар сураси 49-оят.
Бу дунёда Аллоҳга ширку куфр келтириб, Ундан ўзгага илтижо қилиб, Аллоҳ зикр қилинганда, юраги сиқилиб, пешонаси тиришиб, Аллоҳдан ўзгалар зикр қилинганда шодланиб юрган инсонни қаранг!
«Бас, қачонки инсонни зарар тутса, Бизга дуо қилур».
Бошига мусибат тушса, бало-офат келса, ўшандай кимса ҳам сохта худоларига эмас, Аллоҳ таолога ёлворади. Чунки мусибат ва бало-офат режасиз келади, олдиндан ўйлаб, режа тузиб қўйиб бўлмайди. Оғир мусибат вақтида манманлик ва такаббурлик ҳам қолмайди, инсоннинг фитрати – соф табиати очилади. Инсоннинг фитратида эса Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини тан олиш хусусияти бор. Шу боис, ҳар қандай инсон у қанчалик кофир, қанчалик мушрик бўлмасин, бошига мусибат тушиб, зарарга юз тутса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига ёлворади.
«Сўнгра унга Ўзимиздан неъмат берсак, «Албатта, бу менга илмим туфайли берилди», – дер».
Аллоҳ таоло ундан зарарни олиб, унга яна тинчлик-омонлик ва офиятни берса, у эски ҳолатига қайтади. Аллоҳ берган неъматни, тинчлик-омонлик, офият ва яхшиликларни ўз илмим, хатти-ҳаракатим билан топдим, деб даъво қила бошлайди.
«Йўқ!»
«Йўқ!» Бу даъво нотўғри. У берилган неъматларни ўз илми туфайли топгани йўқ.
«У синовдир».
Унга берилган неъмат, қани, бу неъматга шукр қилармикан ёки ношукрлик қилармикан, деган синовдир.
«Лекин уларнинг кўплари билмаслар».
Натижада ўзларига берилган неъмат учун Аллоҳга шукр қилиш ўрнига, уни ундай қилиб топдим, буни бундай қилиб топдим, деб мақтаниб юради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Тафсири Ҳилол китобидан)
Мавзуга оид
17:26 / 05.06.2024
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф илмий меросига бағишланган “Пешқадам карвони” лойиҳаси сарҳисоби бўлиб ўтди
20:15 / 08.04.2024
Президент бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади
18:37 / 01.04.2024
Туркманистон президенти «Қадр кечаси» муносабати билан 356 нафар маҳбусни афв этди
12:44 / 14.03.2024