Light | 12:01 / 16.05.2018
18520
3 дақиқада ўқилади

Хитойдаги “ғор уйлар”нинг сўнгги вакиллари (фото)

Хитойнинг Гуйчжоу тоғли вилоятида ғор қишлоқлар ҳанузгача мавжуд бўлиб, унда яшовчи одамлар бир вақтлар тоғлар орасида қуролланган босқинчилардан яшириниб, уйлар қуриб, ўз турмушларини йўлга қўйганлар. Улар Хитой коммунистлар даврида бирлаштирилгандан кейин ҳам ғорларда қолганлар.

Фото: Bryan Denton/The New York Times

Хитойда одамлар яшайдиган сўнгги ғорлардан бири – Чжун ташқи дунё билан фақат сўқмоқ йўл орқали боғланган. Катта йўлга чиқиб олиш учун у орқали бир соатча юриш керак. Бироқ охирги 20 йил ичида бу жой ғордаги уйларни ўз кўзи билан кўриш учун келувчи сайёҳлар сабабли холи жой бўлмай қолди. 

Бироқ маҳаллий  аҳоли сайёҳларнинг келишини ўз фойдаларига бурдилар – улар сотиш учун турли буюмлар тайёрлайдилар ҳамда бамбук ва ёғочдан қурилган уйларидаги хоналарни уларга ижарага берадилар.

Қишлоқ аҳли чорва, асосан сигир ва товуқлар боқади. Болалар мактаб-интернатда таълим оладилар ва уйларига фақат дам олиш кунлари келадилар. 

Фото: Bryan Denton/The New York Times

Маҳаллий ҳокимият ғорлар аҳолисининг улар учун деярли 10 йил аввал махсус қурилган яқин орадаги қишлоққа кўчиб ўтишларини истамоқда. Янги жойга кўчиб ўтиш учун ҳар бир резидентга 60 минг юандан (9,5 минг доллар) пул таклиф қилинган, бироқ бунга бор-йўғи 5 оилагина рози бўлган.

Фото: Bryan Denton/The New York Times

Бироқ қолган 18 оила ғордаги уйларида қолишга қарор қилишган. Уларнинг таъкидлашича, янги уйлар улар учун жуда кичик. Бундан ташқари, улар ўз ерларидан маҳрум бўлишдан қўрқмоқдалар ва ўзларининг кичик туристик иқтисодиётларини ўзлари мустақил назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлмоқчилар. 

Фото: Bryan Denton/The New York Times

Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳокимият вакиллари ғорга “бир оила – бир фарзанд” сиёсатига амал қилинаётганини текшириш учун ташриф буюришган. Ушбу сиёсатга қишлоқ аҳолиси орасида амал қилинмаган. Қоидабузарлар эса мажбурий абортларга ёки бичишга олиб кетилган.

Ғор тарихидаги энг катта ўзгариш у ерда электрнинг пайдо бўлиши бўлган. Электр бу ерга 2002 йилда ўтказилган. Бу масалани Хитой ҳукумати эмас, балки америкалик тадбиркор Фрэнк Беддор ҳал қилган. У ғорга 2000-йиллар бошида бир неча бор ташриф буюриб, қишлоқ аҳолисининг ҳаётини енгиллаштириш учун ўн минглаб доллар хайрия қилган.

Қишлоқдаги ёшлар гоҳида пул топгани “катта шаҳар”га кетадилар, бироқ охир-оқибат ғорга – ўз оилалари ёнига қайтадилар.

Фото: Bryan Denton/The New York Times

 

Мавзуга оид