Жамият | 20:55 / 17.05.2018
36398
8 дақиқада ўқилади

Бозордаги дўконлар тунда бузиб ташланди. Олтиариқликлар ҳақиқат излайди

Олтиариқда тадбиркорлар дўкони огоҳлантиришсиз бузиб ташланди. 

«Kun.uz» таҳририяти аҳоли мурожаатларини ўрганишда давом этади. Сайт почтасига Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги бир гуруҳ тадбиркорларнинг бозор ичи ва ёнидаги дўконлари огоҳлантиришсиз бузиб ташлангани ҳақидаги мурожаати келиб тушди. 

Ижодий гуруҳ мурожаатни ўрганиш мақсадида Олтиариқ туманига отланди.

Дарҳақиқат, Олтиариқ деҳқон бозорига борганимизда дўконлар бузиб ташланган, тартиб йўқ, аҳвол абгор эди. Даставвал бозор айландик. Тадбиркорлардан бозор бузилиши ҳақида сўрадик. Улар шу йилнинг январь ойида рўй берган катта можарони эслашди. Шундан сўнг мурожаат йўллаган тадбиркорлар билан ҳам учрашдик. Улар бўлиб ўтган ишларни батафсил баён қилишди.

Бизга тақдим этилган ушбу видеотасвирлардан бозордаги дўконлар ярим тунда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз дўкон ичидаги моллар билан биргаликда бузилганини кўриш мумкин. 

Ҳолбуки, Олтиариқ деҳқон бозори  яқиндагина қайта реконструкция қилинган, тадбиркорлар мазкур қурилишга катта маблағлар сарфлаган...

Маълум бўлишича, туманнинг собиқ ҳокими Бўтаев 2016 йили ҳокимиятда маблағ йўқлигини важ қилиб, бозордаги тадбиркорларни ўз ҳисобидан дўконларни янгидан қуришга кўндирган ва дўконларга 50 йилгача ҳеч ким тегмаслигини кафолатлаган. Тадбиркорларни ишонтириш учун бир қатор ташкилотлар муҳри босилган лойиҳа ҳужжатлари кўрсатилган. Шундан сўнг, тадбиркорларнинг ҳар бири 70-100 миллион сўм атрофида маблағ сарфлаб, бир йил давомида қурилиш ишлари олиб боришган. 

Лекин улар 2017 йил кузида қурилиш ишларини тугаллаб, савдо қилишга киришмоқчи бўлганларида, ҳокимият вакиллари дўконлар учун кадастр ҳужжатлари қилиб беришмаган.

2018 йилнинг январида, 23 январга ўтар кечаси ярим тунда бульдозер билан дўконларни бузишга киришишган, дўкондорларнинг илтимослари инобатга олинмаган, уларга товон пули тўланмаган.

Мурожаатчиларнинг иддао қилишича, ҳокимиятдагилар дўконларнинг бузилишини бу дўконларнинг ўрни бўшатилиши, бу ер очиқ туриши кераклигини билан изоҳлашган. Уларга бошқа жой бериш ваъда қилинган.

Лекин эндиликда бўшаган жойлар бошқа тадбиркорга янги гипермаркет қуриш учун берилган, жабрланувчилар учун эса бозор ҳудудидан ташқаридан жой беришмоқчи.

Жами бўлиб 56 дўкон бузилган.

«Ҳар бир дўконда 4 нафардан киши ишлаган, уларнинг ҳар бири бир оиланинг боқувчиси эди. Бу қурилишдан кўп одам қақшади», дейди жабрланувчилардан бири.

«Беш ойдан бери бизга жой берилмади. Ҳокимга кирсак, янги қурилаётган жойнинг биринчи қаватидан сизларга жой берилади деганди. Қурилиш қилаётганлардан сўраб билсак, бизга бу жойни беришмоқчи эмаскан. Унда қаердан беришади, бозор ортидаги қабристонданми? У ерга ким боради? Биз қандай яшаймиз энди?

Бизга ёрдам беринглар. Бизда умид қолмади. Фақат «Kun.uz»га умид қилиб тургандик. Лекин яқинда Риштонга «Kun.uz» келиб кетганидан кейин у ерда бузиш ишлари янаям жадаллашиб кетибди, деб эшитдик. Энди шу ишонч ҳам қолмади», дея ёзғиради дўкондор.

«Бу ерда ҳақиқат йўқ», дея йиғламоқдан бери бўлиб зорланади онахон.

«Бир кечада бузворди дўконимни. Саккиз фарзандим Россияда юрибди. Ўғилларим, қизларим. Битта нарсадан хавотирдаман, ўлиб қолсам, ким иягимни боғларкин», дея андуҳ билан гапиради отахон.

Тадбиркорлар мурожаатини тингладик. Энди масаланинг ҳуқуқий жиҳати ҳақида. Бугунги кунда Республикамиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2017-2019 йилларда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан бозорлар қайта реконструкция қилинмоқда. 

Тадбиркорларнинг мазкур қарорга ҳеч қандай эътирози йўқ. Бироқ қарор қандай ижро этилмоқда? Қарорнинг 16-бандига эътиборингизни қаратамиз: «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминласинлар».

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 4-бандига кўра, тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган иншоотларни бузиш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай имзо қўйдириб, иншоотлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Яна шуни айтиш керакки, дўкони бузилиш билан боғлиқ можаро Олтиариқ деҳқон бозорида биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Бир гуруҳ олтиариқлик тадбиркорлар 2011 йилдан бери дўконлар бузилишидаги адолатсизликлардан куйиниб мурожаат қилган. Яъни, 2011 йили бир кун ичида бузиб ташланган дўкон эгаларининг муаммоси ҳамон ўз ечимини топмаган. Ўртада қанча-қанча судлар, тортишувлар ва ниҳоят одил суднинг тадбиркорлар фойдасига қарор чиқарган. Энди тадбиркорларга дўкон қуриш учун ер ажратилади. Дўконлар қайтадан  қурилади. Бироқ тадбиркорнинг зарарини ҳеч ким эсламайди. Айни вақтда Мажбурий ижро бюроси суд қарори ижросини нега пайсалга солиб келгани мавҳум.

Бугун эса тадбиркорларнинг дўконлари яна бузиб ташланмоқда. Муаммо кетидан яна муаммо. 

Мазкур муаммо юзасидан Олтиариқ туман ҳокимлигига йўл олдик.  

Биз у ерда ҳоким ёрдамчиси билан учрашдик. Мазкур муаммо юзасидан туман ҳокими билан учраштиришни сўрадик. Аммо ҳоким аввалига чекка ҳудудларда иш билан банд эканини, кейин эса вилоят марказига, вилоят ҳокими мажлисига кетганини айтишди. Туман ҳокими ўринбосарлари билан ҳам учрашишнинг имкони бўлмади. Шундан сўнг туман архитектори ва бозор раҳбари билан суҳбатлашдик.

Гувоҳи бўлганингиздек, ҳали Олтиариқ деҳқон бозорининг янги лойиҳаси тасдиқланмаган. Масъуллар сўралган ҳужжатларни тақдим эта олишмади. 5 ойдан бери хароба бўлиб ётган бозор эса можаролар маркази бўлиб қолмоқда.

Олтиариқда тадбиркорларнинг хонавайрон бўлганидан вилоят ҳокимининг хабари бўлса керак?! Ҳар ҳолда Ғаниев синчков ҳоким. Ҳудудда нима содир бўлса, албатта у хабар топади. Нима бўлганда ҳам айрим саволларнинг жавоби мавҳум. Президент қарори Фарғонада тескари талқин қилинадими, қонунлар оёқ ости бўладими? Халқ, тадбиркорга зуғум қилиш билан жамиятда нафрат уйғотишнинг оқибатларини ҳоким тўралар яхши билсалар керак?!  Ундай бўлса, мақсад нима? Ёки Президент қарорлари ижроси мутасаддиларнинг манфаатларига хизмат қиляптими?

Хуллас, саволларимизга тез орада жавоблар топилади, деб ишонамиз. Унгача эса олтиариқлик тадбиркорлар ҳақ-ҳуқуқлари оёқ ости бўлганича қолаверади...

Kun.uz журналистлари Хуршид Далиев ва Элмурод Эрматов

Мавзуга оид