Ўзбекистон | 17:15 / 17.05.2018
21510
4 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан учрашди

16 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Олмазор туманидаги “Хончорбоғ” маҳалласига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда ИИВ расмий сайтида хабар берилди.

Ташриф давомида “Хончорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини билан бир бинода жойлашган ички ишлар органи бошлиғи раҳбарлигидаги туман ҳудудини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор Ишчи гуруҳи штабининг фаолияти билан яқиндан танишилди. Шундан сўнг, вазир ва шаҳар ҳокими 36-умумий ўрта таълим мактаби биносида туманнинг турли маҳаллаларида яшовчи аҳоли билан очиқ тарзда мулоқот ўтказдилар.

Шу куни Ички ишлар вазири ва шаҳар ҳокими аҳолида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида, Шайхонтоҳур туманида ҳам фуқаролар билан “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида учрашдилар.

Учрашувларда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Р.Жўраев, шаҳар прокурори адлия катта маслаҳатчиси Ш.Облоқулов, секторлар раҳбарлари бўлган тегишли туман ҳокими, прокурори, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, бошқа мутасадди идоралар вакиллари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Генерал-майор П.Бобожонов ўз маърузасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ўтган даврда амалга оширилган чора-тадбирлар, уларнинг аҳамияти ва амалда ижобий натижаси, шу билан бирга тизимда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш борасида режалаштирилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, буларнинг барчасидан мақсад тизимни халқ манфаатларига хизмат қилувчи органга айлантириш эканлигини таъкидлади.

Мулоқотлар жараёнида учрашувларда иштирок этган ҳар бир фуқаронинг мурожаатига эътибор билан ёндашилди. Шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев томонидан аҳолининг шахсий масалалари билан бирга, маҳаллаларда мавжуд муаммолар, жумладан кўчаларни ободонлаштириш, бино ва ички йўлларни таъмирлаш, электр тармоғи ва оқава суви тизимларини яхшилаш, болалар ўйингоҳларини ташкил этиш каби масала ва таклифлар диққат билан тингланиб, уларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Қолган масалаларни қўшимча ўрганиш ва қонуний ҳал этиш мақсадида, ҳокимият ва мутасадди идоралар вакиллари таркибида комиссиялар тузилиб, аниқ топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Бундан ташқари, мулоқотлар давомида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ, хусусан, паспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига доир масалалар бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди. Улар шу жойнинг ўзида кўриб чиқилиб, ҳал этилиши таъминланди.

Шунингдек, Ички ишлар вазири ва шаҳар ҳокими Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларига ташрифлари давомида ички ишлар бўлимлари фаолияти ҳамда улар жойлашган биноларда шахсий таркиб учун яратилган шароит билан танишдилар, бўлимларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар бердилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри халқига астойдил хизмат қилишга ваъда берганди.

Мавзуга оид