Жаҳон | 22:02 / 18.05.2018
3640
2 дақиқада ўқилади

Эквадор Ассанжни қўриқлаётган ходимлар сонини қисқартирди

Фото: EPA

Wikileaks асосчиси Жуллиан Ассанж яширинаётган Эквадорнинг Буюк Британия элчихонасидан зудлик билан қўшимча қўриқчилар олинди. Бундай қарорни Эквадор президенти Ленин Морено қабул қилган.

Эндиликда элчихонада одатдаги сондаги ходимлар бўлиши керак. Эквадор ҳукумати ушбу қарорининг сабабини тушунтирмаган. 

Морено Ассанж қўриқчилари сонини The Guardian нашрининг тергови ҳақидаги мақоладан бир кун ўтиб қисқартирди. Мақолага кўра, Ассанжни қўриқлашга камида 5 млн доллар сарфланган. Жумладан, ҳукумат полиция ортидан кузатиш учун махфий агентларга, видеокузатув тизимларига хизмат кўрсатишга ҳақ тўлаган. Шунингдек, қўриқлаш фирмаси Ассанжга ҳар бир ташриф буюрувчи бўйича маслаҳат берган. Фирма дастлаб бу ташрифчи бўйича маълумотлар тўплаган. Ассанжни қўриқлаш бюджетини Эквадорнинг аввалги президенти Рафаэль Корреа тасдиқлаган. Ассанжни қўриқлаш учун ойига 66 минг долларгача пул сарфланган. Таъкидланишича, Эквадор ҳукумати ўзининг эҳтиётини қилган.   

Март ойида Эквадор ҳукумати Ассанжни “халқаро ишларга аралашмаслик” мажбуриятини бузгани учун интернетдан маҳрум қилганди. ОАВнинг маълум қилишича, бунга Ассанжнинг Сергей Скрипалнинг заҳарланиши борасидаги твитлари сабаб бўлган.

Ассанж Эквадор элчихонасида 2012 йилдан бери қолмоқда. У махфий маълумотларни ошкор қилиш иши бўйича АҚШга топширилишидан хавотирланмоқда. Агар Ассанж элчихонани тарк этса, Буюк Британия полицияси уни амалдаги ордер билан қўлга олиши мумкин.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид